Самарқанднинг иқтисодий ўсиш нуқталари белгиланди. Бу нималарда акс этади?

Вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилшод Шакарбоев айтишича, аввало, вилоятни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқиш, доимий даромадга эга бўлмаган оилаларни камбағалликдан чиқариш режалари тузилган.

Жумладан, 2021-2022 йилларда умумий қиймати 2,5 триллион сўмлик 1184 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда 11 минг 894 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Энг муҳим тармоқлардан ҳисобланган саноатни ривожлантириш бўйича 1,1 триллион сўмлик 128 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 595,1 миллиард сўмлик 848 та ва қишлоқ хўжалигида 874 миллиард сўмлик 208 та лойиҳа амалга оширилади. Шу билан бирга, вилоят ҳудудларини иқтисодий ривожлантириш бўйича мавжуд ресурслар ва имкониятларни инобатга олиб “ўсиш нуқта” (драйвер)лари белгилаб олинди.

Биринчи “ўсиш нуқтаси” сифатида электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ривожлантирилади.

Бугунги кунда 37 та электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона томонидан 208,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, аҳолининг эҳтиёжи тўлиқ қондирилмаяпти.

Масалан, вилоятда импорт қилинаётган электротехника маҳсулотлар 7 фоизни ташкил этади. Аҳолининг телевизорга 44,9 минг дона, кир ювиш машиналарига 7,5 минг дона, кондиционерга 11,8 минг дона, дазмол 1,5 минг дона, электр чойнаклар 6,2 минг дона талаби бўлса-да, ушбу маҳсулотлар ишлаб чиқарилмайди. Музлаткич талаби 28,1 минг дона бўлиб, атиги 0,37 фоизга қондирилмоқда. Шунинг учун ҳудудларда умумий қиймати 1,7 триллион сўмлик қўшимча 14 лойиҳада 26 турдаги 1,8 миллиондан ортиқ электр жиҳозлари, хусусан, LED лампалар ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш режалаштирилган.

Янги лойиҳалар ҳисобига 1,3 триллион сўмлик 1 миллион донадан ортиқ электротехника маҳсулоти ишлаб чиқарилади, эҳтиёж 28,2 фоизга қондирилади.

Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 25-30 фоизи экспортга йўналтирилади, импорт эса 48 фоизгача қисқаради.

Масалан, собиқ "Сино" корхонаси ҳудудида "SAXARI" МЧЖ томонидан 25 миллион долларлик инвестиция ҳисобига кир ювиш машиналари, совуткич ва музлаткичлар ишлаб чиқарилади.

 “Ургут” эркин иқтисодий зонасида қиймати 212,1 миллиард сўмлик 8 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига кир ювиш машиналари, телевизор, уяли ва мобиль алоқа воситалари, сув иситкичлар ишлаб чиқарилади.