Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

196,9 миллион сўмлик электр энергияси ортиқча сарфланган

Жорий йил май ойида Самарқанд вилоятида Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти ҳамда унинг шаҳар ва туманлардаги филиаллари фаолияти ўрганилган эди.

Ўрганиш жараёнида вилоят бўйича 156 та эгасиз трансформатор пунктлари мавжуд эканлиги, 2017-2019 йилларда техник  йўқотишлар туфайли қарийб 200 миллион сўмга яқин электр энергияси ортиқча сарфланганлиги аниқланган. Шунингдек, айрим корхона-ташкилотларнинг электр энергиясидан бўлган дебитор қарзлари ошиб кетиши, электр тармоқлари тортилган ёғоч таянчларни темир-бетон устунларга алмаштириш ишлари суст кетаётганлиги ҳам алоҳида қайд этилган. 

Сенат вакиллари келиб ўрганмагунча, наҳотки мазкур муаммоларга ҳеч ким эътибор қаратмаган? Шунча йилдан бери бу трансформаторлар сарфлаган электр энергиясининг тўлови кимнинг бўйнида қоляпти? Бу бошбодоқликка жавоб берувчилар борми? 

- Дарҳақиқат, ўрганишлардан сўнг вилоят бўйича 156 та эгасиз трансформатор пунктлари борлиги маълум бўлди, - дейди «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти директори Умарали Жўраев. – Ҳозирда ушбу трансформаторлар жойлашган ҳудудлар аниқланди. Уларнинг техник ҳужжатлари расмийлаштирилиб, жамиятимиз балансига қабул қилинди. Шунингдек, ўз вақтида ҳисобга олинмаганлигига сабаб бўлган омиллар аниқланиб, ортиқча сарфланган 196,9 миллион сўмлик электр энергияси бўйича ҳужжатлар ҳуқуқ-тарғибот органларига тақдим этилди.

Бугунги кунда вилоятда мавжуд электр таянч устунларининг 298 минг 22 таси, яъни 45 фоизи 50-60 йил илгари ўрнатилган симёғочлардан иборат. Президентимизнинг “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини модернизация-реконструкция қилиш ва янгилаш тўғрисида”ги қарорига асосан мазкур симёғочлар янги темир-бетон устунларга босқичма-босқич алмаштирилмоқда. 

Жорий йилда вилоятда қарийб минг километр узунликдаги электр узатиш тармоқларини модернизация қилиш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача, 220,4 километр электр тармоқлари қурилди. Шунингдек, 3 минг 697 дона симёғоч устунлари реконструкция қилинди. 

Дилмурод Тўхтаев.