Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Амир Темур ва Боязид Йилдирим тўқнашуви: Анқара жанги

Ислом ва турк оламининг икки буюк саркардаси, ўз даврининг энг қудратли ҳукмдорлари Соҳибқирон Амир Темур ва Боязид Йилдирим (Яшинчақнар) қўшинлари 1402 йилнинг июнь ойи тонгининг бирида Стелла тоғ ён бағрида тўқнаш келди. Жанг Темур томонидан қамал қилинган Анқара шаҳри учун кечди...

XIV аср сўнггига келиб, усмонли турклар султони Боязид Йилдирим, Болқонбўйи ва Кичик Осиёнинг ўлкан ҳудудларини ўзига бўйсундириб, ўлкан салтанатга эгалик қила бошлади.

Боязид ўз салтанатини кенгайтираётган бир вақтда, Ўрта Осиёда Амир Темур ўзининг улкан салтанатига асос солди. Улар ўз замонининг йирик ҳукмдорлари, қардош миллат ва ягона дин вакиллари эди. Икки етакчи ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқалар ўрнатилишига ҳеч нарса халақит қилмасди. Бироқ Яратганнинг ҳукми бошқача эди.

Темур Боязид билан жанг майдонида тўқнаш келгунига қадар унга бир неча бора хат ёзгани ва жавоб олгани маълум. Темур ҳар бир хатида усмонлилар султонини фикр-мулоҳазали сиёсат юритишга чақирган. Иккала ҳукмдор ҳам бир дин ва қардош миллат вакили эканликларини, Боязид томонидан ўз ҳимоясига олинган Темур душманларини унга қайтарилишини ва икки қудратли давлатлар ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатилиши зарурлигини таъкидлаган. Лекин дастлаб Темур фикрларига хайрихоҳ фикрлар ёзиб жавоб йўллаган усмонлилар султони сўнгги хатларида Темурга қарши қўпол ва нафсониятга тегувчи мазмундаги жавоблар йўллади. 

Султон Боязидни ҳалокатга етакловчи энг асосий хатоларидан бири – бу  унинг Темур тобеси Қора Юсуф ҳукмронлик қилаётган Эрзинжон ҳудудига бостириб киргани бўлди. Бундай ҳолатдан ғазабланган Темур Боязиднинг ёнига элчи юборди ва ундан узр сўрашини талаб қилди. Аммо кибрли ва ўзига ишонган Султон Боязид қудратли Темурга ҳақоратли жавоб қайтарди. Боязид таҳдидли хатлари билан дипломатик ёзишмаларнинг барча чегараларини бузди.

Ғазаб отига минган Темур зудлик билан усмонлилар устига юриш бошлашга буйруқ берди. Тез орада Соҳибқирон қўшини Кичик Осиё ҳудудларига бостириб кирди. Илк жанг 1399 йилда Сивас шаҳри ёнида бўлиб ўтди. Ушбу жангда Боязиднинг ўғли Сулаймон Темур қўшини бўлинмалари билан тўқнашди, Сивас забт этилди.

Боязид Сивасдан 150 километр ғарбда, отлиқ қўшинлари учун ноқулай бўлган ўрмонзор ва тоғ ёнбағрида Темур қўшинини кутиб турди. Соҳибқирон усмонлилар қўшини билан у ерда жанг қилишдан воз кечиб, ўз қўшинини Қизил ирмоқ дарёсининг ўнг соҳилидан айланиб ўтиб, Боязид қўшинининг орқа томонига ўтиб олди ва Анқарани орқа томондан қамал қилди. Усмонлилар ортга қайтишга ва ўзлари учун ноқулай шароитда жанг қилишга мажбур бўлди. Анқара учун бўлиб ўтган жанг 1402 йил июнь ойининг тонгида, Стелла тоғи ёнида, Султон Боязид қўшинининг ҳужуми билан бошланди.

Жангда икки томондан ҳар бирининг 200 мингдан ортиқ жангчилари иштирок этди. Усмонлилар Амир Темур қўшинининг ўнг қанотидан ҳужум қилди ва унинг орқа тарафига ўтиб, асосий кучларини захира қисмлардан ажратиб қўймоқчи бўлди. Лекин бу ҳужумни Темурнинг отлиқ бўлинмаси қайтара олди.  Шундан сўнг Темурнинг ўнг қанотдаги қўшини тўхтовсиз қарши ҳужумга ўтиб, усмонлиларнинг асосий кучларини захира қисмлардан ажратиб қўйди ва уни қуршаб олди. Темурнинг ўрта ва чап қанот қисмлари ҳам ҳужумга ўтиб, султон қўшинининг иккала қанотини тор-мор этди. Боязиднинг марказдаги сара, Яничар аскарлари ҳам янчиб ташланди. Султон Боязиднинг омон қолган аскар ва саркардалари ҳар тарафга қараб қоча бошлади. Усмонлиларнинг уч шахзодаси ҳам оталарини ташлаб қочишни афзал кўрдилар.

Боязиднинг содиқ саркардалари султонга, жанг тақдири ҳал бўлганини ва унга қочишни маслаҳат берди. Бироқ султон қочишдан бош тортди. Душман қуршовида қолиб кетган Султон Боязид ярим тунгача душман билан аёвсиз жанг олиб борди. Ярим тунда унинг оти йиқилди ва Темур жангчилари Боязид Йилдиримни асир олди. Муросасиз ва шафқатсиз кечган жанг усмонли туркларнинг мағлубияти билан якунланди. Усмонли турклар давлати тўлиқ Амир Темур ихтиёрига ўтди. Боязид қўшинининг учдан икки қисми жанг майдонида йўқ қилинди. Соҳибқирон эса қўшинининг саккиздан бир қисмини йўқотди.

Асирликка чидай олмаган, мағрур Боязид кўп ўтмай вафот этди. Амир Темур Боязид салтанатини унинг ўғиллари ўртасида бўлиб бериб, ортга қайтди.

Анқара учун бўлиб ўтган ушбу жанг ўз даврининг энг йирик икки қўшини тўқнашуви эди. Мазкур жанг икки туркий қавмнинг тўқнашуви эди. Жанг натижасига кўра, Европа мамлакатлари кучайиб бораётган усмонли турклар таҳдидидан қутулиб қолди ва ўзларини ўнглаб олиш имкониятига эга бўлди. Боязид Йилдирим мағлубияти усмонлилар томонидан Константинополнинг (ҳозирги Истамбул) забт этилишини 50 йилга кечиктирди.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.