Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Апелляция – мурожаат

"Апелляция", "Апелляция инстанцияси" атамаларининг изоҳи ҳамда судларга шикоят келтириш ҳуқуқи, муддати ҳамда тартиблари ҳақида билмоқчи эдим?

Бахтиёр ИНЪОМОВ, Паст Дарғом тумани.

Апелляция - лотин тилидан олинган бўлиб, "мурожаат" деган маънони англатади. Апелляция инстанциясида биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарорлари, ажримлари устидан келтирилган шикоятлар кўриб чиқилади.

Апелляция инстанцияси - суд қарорларининг қонуний ва асосли бўлишини текшириш учун ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан иккинчи инстанция суди фаолиятининг қўзғатилиши ва бундай текширишнинг амалга оширилишини тартибга соладиган процессуал нормалар йиғиндисидир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 383-387-моддаларида апелляция шикояти (протест) бериш ҳуқуқи ва муддати, шикоятини (протест) келтириш тартиби, шикоятнинг (протестнинг) мазмуни ҳамда шикоятга (протестга) илова қилинадиган ҳужжатлар аниқ белгилаб қўйилган.

Мазкур талабларга кўра, тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар суднинг ҳал қилув қарори устидан ушбу қарор чиқарилган кундан эътиборан йигирма кун ичида апелляция тартибида шикоят қилиши, прокурор протест келтириши мумкин.

Шержаҳон ЗАЙНИДДИНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди судья катта ёрдамчиси.