Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Божхоначи бўлмоқчимисиз?

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Президентимизнинг 2018 йил 12 апрелдаги Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларида хизматни ўташ тўғрисида”ги Низомда божхона органларига ишга қабул қилиш тартиби белгиланган.

Ушбу қонун ҳужжатлари талабларига кўра, хизматга ихтиёрий равишда, танлов асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ёши ўн еттидан кам бўлмаган ва ўттиздан ошмаган, олий, ўрта махсус ва ўрта маълумотга эга, ўзининг шахсий, ишчанлик ва ахлоқий сифатлари, соғлиги ва жисмоний тайёргарлиги даражасига кўра божхона органи ходими хизмат вазифаларини бажаришга қодир эркаклар (бўйи 165 сантиметрдан кам бўлмаган), аёллар (бўйи 160 сантиметрдан кам бўлмаган) қабул қилинади.

Божхона органларига муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақириқ резервида ёхуд олий таълим муассасаларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган эркаклар қабул қилинадилар.

Хизматга кириш истагини билдирган номзод ўзининг доимий яшаш жойида (пропискаси) жойлашган божхона органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилади:

- хизматга қабул қилиш тўғрисида ариза;

- паспорт нусхаси (аслини тақдим этган ҳолда);

- 3x4 см ва 9х12 см (бош кийимсиз) ўлчамдаги фотосурат;

- анкета-маълумот;

- ўқиш, иш (номзод ўқиса ёки ишласа) ва яшаш жойидан тавсифнома ҳамда маълумотнома (оила аъзоларини кўрсатган ҳолда);

- ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий маълумотга эгаликни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (аслини тақдим этган ҳолда);

- ҳарбий гувоҳнома нусхаси (аслини тақдим этган ҳолда);

- доимий яшаш жойидаги тиббиёт бирлашмасидан соғлиги даражаси бўйича ўрнатилган шаклдаги тиббий маълумотнома (бўйи ўлчовини  кўрсатган ҳолда);

- меҳнат дафтарчаси аслини тақдим қилган ҳолда (мавжуд бўлса).

Хизмат хусусиятидан келиб чиқиб ҳамда айрим ҳужжатларга аниқлик киритиш мақсадида номзод ёки мутасадди ташкилотлардан қўшимча ҳужжат ва маълумотлар олиниши мумкин.

Хизматга қабул қилиш танлов асосида божхона органлари томонидан ўтказиладиган дастлабки ва якуний саралаш асосида амалга оширилади.

Дастлабки саралаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

- бирламчи суҳбат;

- жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

- махсус текшириш;

- тиббий шаҳодатлаш.

Белгиланган тартибга кўра, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган, бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган, шунингдек, содир этган жинояти учун муқаддам судланган, қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган ва амнистия акти қўлланилгандан қатъи назар, фуқаролар хизматга қабул қилиниши мумкин эмас.

Якуний саралаш номзод билан якка тартибдаги суҳбат шаклида ўтказилиб, суҳбат давомида унинг ақлий салоҳияти, хизмат ўташга руҳан тайёрлиги баҳоланади.

Агарда номзод хизматга қабул қилиш талабларига жавоб бермаса, мутасадди раҳбар томонидан уни хизматга қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги юзасидан қарор қабул қилинади ва бу ҳақида номзодга ёзма маълум қилинади.

Якуний саралашдан муваффақиятли ўтганлар, номзодларнинг хизматни ўташга касбий лаёқатлилиги тўғрисида қабул комиссияларининг хулосаси асосида ДБҚ раиси буйруғи билан бўш лавозимлардан келиб чиққан ҳолда лавозимга тайинланадилар. Ишга қабул қилинаётган номзод ҳудудий божхона бошқармаларининг бирида мавжуд бўлган бўш ўринларга тайинланиши мумкин. 

Ҳозирда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан тизимда мавжуд бўш ўринлардан келиб чиқиб, божхона иши, юридик, иқтисодий, молиявий мутахассислиги бўйича олий маълумотга эга бўлган ҳамда кинология мутахассислиги бўйича ўрта-махсус маълумотга эга бўлган номзодларни ишга қабул қилиш учун кадрлар захираси шакллантирилмоқда. 

Бунда номзоднинг чет тилидан бирини билиши (асосан инглиз ва рус), ахборот-коммуникация технология, техник воситалардан фойдалана олиш қобилиятига эътибор қаратилади.

Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтига ўқишга кириб ҳам божхона органларига ишга кириш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти қайта ташкил этилди.

Институт божхона органлари учун таълим муддати тўрт йил бўлган бакалаврларни ва таълим муддати бир йил бўлган магистрларни божхона иши ва юриспруденция (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш) таълим йўналишлари бўйича тайёрлайди.

Институтга ҳарбий хизматни ўтамаган 17 ёшдан 21 ёшгача (қабул йилида 17 ёшга тўладиганлар) бўлган ҳамда ҳарбий офицерлар таркиби унвонларига эга бўлмаган ҳарбий хизматчилар ёки ҳарбий хизматни ўтаган 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари танлов асосида қабул қилинади.

Институтга ўқишга кириш учун аризалар 1 февралдан 1 апрелга қадар қабул қилинади.

Юқорида қайд этилган талабларга жавоб берадиган ва божхона органлари хизматига кириш истагида бўлган номзодлар Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг кадрлар бўлимига мурожаат қилишлари мумкин.

Номзодлардан мурожаатларни қабул қилмаслик, сабабсиз қайтариш ёки таъмагирлик ҳолатларига йўл қўйилганда Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиш сўралади.

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ БОЖХОНА БОШҚАРМАСИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ