Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Божхоначилар йирик миқдордаги пиротехника воситаларини йўқ қилди

ДБҚ ахборот хизматининг хабарига кўра, Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент вилояти Зангиота туманида ўтказилган тезкор тадбирда, А.А. исмли шахс ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 67290 дона пиротехника воситаларини ноқонуний сотаётган вақтда қўлга олинган.

Шунингдек, Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган масъулияти чекланган жамияти номига олиб келинган ёғоч маҳсулотлари орасига йирик миқдордаги пиротехника воситалари ва биофаол қўшимчалар яширилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани суди ҳукмига мувофиқ умумий қиймати 4 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқни ташкил этувчи 102 118 дона пиротехника воситалари ҳамда 5 613 дона сифати кафолатланмаган биофаол қўшимчалар Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳамда тегишли идоралар вакиллари билан ҳамкорликда белгиланган тартибда йўқ қилинди.