Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Давлат хизматлари марказида янги хизматлар учун хона етишмайди

Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сони 102 тага етди. 2018 йилда марказлар томонидан энг кўп – болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш (82553), фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш (60592), ўзбошимчалик билан қурилган тураржойга мулк ҳуқуқини эътироф этиш (15133), жисмоний шахсларга СТИР бериш (66337), манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш (7676), ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш (фақат Паст Дарғом туманида 5546) ва бошқа мурожаатлар бўйича хизматлар кўрсатилди. 2018 йил сентябрда Нуробод тумани ДХМдан 130 километр олисдаги Сахоба қишлоғида ва Қўшработ тумани ДХМдан 150 километр олисда жойлашган Жонбулоқ маҳалласида марказларнинг филиаллари ташкил этилиб, ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари мутахассислар ўша жойга бориб, фуқароларга давлат хизматлари кўрсатмоқда.

Жорий йилдан эса марказлар орқали турган жойи бўйича рўйхатга қўйиш ва чиқариш, ҳисобга олиш, вақтинча яшаш (прописка) учун рухсатнома бериш, муддатини узайтириш, ҳарбий ҳисобга қўйиш, электр энергия­си, табиий газ, сув ҳисоблагичларни ўрнатиш, ечиш ва текширишга ариза бериш, мураббийлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш каби янги хизмат турлари қўшилмоқда.

Шунингдек, аҳоли томонидан миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини давлат хизматлари марказлари орқали янгисига алмаштириш билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Бу борада ҳозирда Паст Дарғом тумани давлат хизматлари марказида ҳайдовчилик гувоҳномалари янги намунадаги гувоҳномага алмаштириб берилмоқда. Аслида, вилоятнинг барча туман, шаҳарларидаги давлат хизматлари марказлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бир нечта янги хизмат турларини жорий қилишни режалаштирганмиз. Аммо, ҳозирда давлат хизматлари марказлари биноларида етарли шарт-шароит бўлмаганлиги, бундай хизматлар кўрсатиш учун алоҳида хоналар йўқлиги сабабли бу ишлар ортга сурилмоқда.

Ҳозирда барча туман, шаҳар давлат хизматлари марказлари учун янги замонавий бинолар қурилиши бошланган ва бу ерда давлат кадастр, ФҲДЁ, ИИБ, нотариус хизматлари ва бошқа ташкилот ходимлари учун алоҳида хоналар ажратилиши, конференция ва кутиш заллари ташкил этилиши кутилмоқда.

Алишер ПРИМОВ,

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси масъул ходими.