Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дорихоналарда тиббий ниқоб ва антисептик воситалар етарлими?

Самарқанд шаҳридаги бир нечта дорихоналарда бўлиб, аҳоли томонидан энг кўп сўралаётган ва талаб этилаётган дори воситалари билан қизиқдик.

Бўстонсарой кўчасида жойлашган “Gamma Med” МЧЖга қарашли дорихонага кирган харидорлар фақат тиббий ниқоб ва антисептик воситаларни сўрамоқда.

- Дорихонамизда ҳозир бир марталик тиббий ниқобимиз йўқ, аммо кечқурун бўлади, - дейди дорихона менежери Азиз Бобоев. – Буюртма берилган. Ҳозирда дорихонамизда харидорлар томонидан сўралаётган қўл учун антисептик гель, спирт, дока ҳамда антисептик-оп бор. Бу воситадан ҳам қўлларни дезинфекция қилишда фойдаланса бўлади. Ҳиди ҳам йўқ.

Ушбу кўчада жойлашган “Дори-дармон” акциядорлик компаниясига қарашли 40-ижтимоий дорихонада “Бахттекс” ишлаб чиқариш корхонасига тегишли докадан тикилган тиббиёт ниқоби сотилмоқда.

- Тўғри ушбу тиббиёт ниқобида юриш бироз ноқулай, аммо бир марталик юз ниқобидан афзаллик тарафлари мавжуд, - дейди дорихона раҳбари Баҳодир Жалилов. - Бир марталик ниқоблар ҳар уч соатда алмаштирилиши керак, докадан тикилган ниқобларни ювиш, дазмоллаб қайта ишлатса бўлади. Охирги марта бир марталик ниқобларни 1000 сўмдан сотган эдик. Антисептик воситаларимиз ҳозирча йўқ. Гриппга қарши воситаларимиз ҳам ҳозирча етарли. Одамлар ваҳимага тушмасдан, юз учун ниқобларни стерилланган бинтлардан, докалардан тикиб олса бўлади.

Самарқанд шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчасидаги “Sinevo” дорихонаси сотувчиси тиббиёт ниқоби кеча тугаганини, бир соатларда яна бўлишини айтди.

Алишер Навоий кўчасида жойлашган “Farmasevt” МЧЖга қарашли дорихона сотувчисининг айтишича, кечанинг ўзида 500 та ниқоб сотилган.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.