Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эр хуфиёна кузатув камераси орқали аёлининг қилмишини ошкор этди

Ҳазорасплик Султонбой тадбиркорлик билан шуғулланиб топган даромадини уйининг алоҳида хонасида сақларди. Бир куни пуллари орасидан 500 АҚШ доллари йўқолди. Хонанинг қулфи бузилмаганлигини билган Султонбой пул санашда адашган бўлсам керак, деган фикрга борди ва эътибор бермади.

Орадан уч кун ўтгач, яна 1000 доллар ғойиб бўлди. Эшик ва дераза ромларининг бутлиги ҳамда пулларнинг оз-оздан ўғирланиши хонадон соҳибини шубҳалантириб қўйди. Шундан сўнг у хонага хуфиёна кузатув камерасини ўрнатди. Эртаси куни Султонбой яна 1 миллион сўм пули жойида йўқлигини билди ва дарҳол кузатув камераси хотирасидаги ёзувларни кўздан кечирди. Не кўз билан кўрсинки, яхши ният билан шаръий никоҳдан ўтган аёли Муборак калит танлаш йўли билан хонага кириб пулларни ўғирлаган экан.

Султонбой бу ҳақда туман ИИБга мурожаат қилди. Инкор этиб бўлмас далиллар олдида мулзам бўлган Муборак қилмишини тан олишдан бошқа чора топа олмади.

Энди у қилмишига яраша жазо олиши тайин, деб ёзмоқда Postda.uz нашри.