Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эркинжон Турдимовга Самарқанд шаҳридаги сайёр қабулда 475 та мурожаат бўлди

Жумладан, Қўшработ туманидан II-гуруҳ ногирони бўлган аёл киши оёғини операция қилиб, эндопротез қўйилишида ёрдам сўради. Жавоб қисқа ва лўнда бўлди: тегишли мутасаддилар бу ишни 10 кун ичида амалга оширади.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, эндопротез организмга уланадиган эмас, операция йўли билан организмнинг ичига ўрнатиладиган сунъий мослама. Эндопротез дунёдаги 4-5 давлатда ишлаб чиқарилади. Бу мослама қиммат туриши билан бирга операцияси ҳам катта харажат талаб қилади.

Сайёр қабул давомида айни шу масалада Самарқанд шаҳридан бир эркак киши ҳам мурожаат қилди. Унга ҳам вилоят бюджетидан ажратилган маблағ асосида жарроҳлик амалиёти билан эндопротез ўрнатиладиган бўлди.

Дарвоқе, протез буюмларини тайёрлаш ва ишлаб чиқариш оддий жараён эмас. Бу борада вилоятимизда дастлабки ишлар бошланган. Хусусан, айни пайтда Қўшработ туманидаги “Зармед” корхонасида ортопедик оёқ буюмлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада маҳсулот турларини кўпайтириш чоралари кўриляпти.

Сайёр қабул давомида тиббий хизмат билан боғлиқ 15 та мурожаат бўлди. Уларнинг ҳар бири бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.