Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эски симёғочлар қачон янгиланади?

Таҳририятимизга Жомбой тумани Қангли маҳалласида яшовчи Илҳом Хўжақуловдан шикоят хати келди. Унда шундай ёзилади:

"Қишлоғимизга 1961 йилда электр тармоғи тортилган эди, 1972 йилда қисман реконструкция қилиниб, симёғочлар ўрнатилди. Аммо бажарилиши керак бўлган ишлар охирига етказилмади. Шунга ҳам 47 йил бўлди. Бу вақт ичида симёғочлар хизмат муддатини ўтаб, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шу боис, айрим симёғочлар остидан ўтишга қўрқамиз. Ҳозир маҳалламизда 9 минг аҳоли яшайди. Йиллар давомида қишлоқ аҳолиси кўпайиб, янги қурилган уйларга ҳар ким имкониятидан келиб чиқиб қўлбола симёғочлар орқали электр тармоғини тортяпти. Бунинг натижасида трансформаторлар ортиқча зўриқиб, сим ўрамлари кучланишга дош беролмаяпти. Аҳоли эса қоронғуда ўтирмайлик, деб трансформаторни таъмирлашга пул йиғади. Аслида трансформаторни таъмирлаш бепул бўлиши керак эмасми? Яна айрим жойларда ток ўтказиш учун алюмин сим ўрнига пўлат симлар тортилган. Бу камчиликлар қачон бартараф этилади?".

Шикоят муаллифи И.Хўжақулов ва туман электр тармоқлари корхонаси масъуллари билан маҳаллани айланарканмиз юқоридаги гаплар тўғри эканлигига гувоҳ бўлдик. Симёғочларнинг айримларидаги электр симлар осилиб қолган, айримларида қисқа туташув излари қолган. Ҳаво линиялари айрим жойларда маҳалланинг ички йўллари ёқасида зич экилган дарахт­лар орасида қолиб кетган.

- Тумандаги симёғочларнинг аксарияти хизмат муддатини ўтаб бўлган, буни инкор этиб бўлмайди, - дейди "Жомбой туман электр тармоқлари" корхонаси бошлиғи Тоҳир Сатторов. - Бизга ажратилган лимитга асосан йилига 30 километргача ҳаво тармоғини реконструкция ва модернизация қилиш, трансформаторларни 3-5 йилда жорий ва мукаммал таъмирлаш имконимиз бор. Шундан келиб чиқиб 2018 йилда 1,4 километр кабель, 16,5 километр ҳаво линиялари ўтказилди, 7 та трансформатор қўйилди. 2019 йилги дастурга кўра, 3 та трансформатор янгиланиб, 4 таси таъмирланади, қарийб 10 километрга янги симлар тортилади, 29 километрдаги симлар алмаштирилади. 2023 йилгача барча ҳаво линиялари ва трансформаторларни янгисига алмаштириш режалаштирилган. Қанг­ли маҳалласидаги хизмат муддатини ўтаб бўлган симёғочларни бетон устунларга алмаштиришни 2020 йилги дастурга киритишни режалаштирганмиз. Маҳалла ҳудудидан ўтган 2 километрга яқин пўлат симлар эса тез орада алюмин симларига алмаштирилади.

Бу яхши. Аммо янги уй қуриб, ўзларининг кучи билан сим тортган фуқароларнинг симёғочлари ўз ҳолича қоладими ёки янги ҳаво линияси тортиладими?

- Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан якка тартибда уй-жой қурган фуқаролар учун янги ҳаво линиялари тортишни молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши керак, - дейди Т.Сатторов. - Аммо фақат бизда эмас, бошқа туманларда ҳам бундай харажатлар учун маблағ ажратилмаяпти. Шунинг учун аҳоли ўз кучи билан ностандарт ёғочлардан симёғоч ясаб, ўзларига электр линиялари тортмоқда. Бу мавжуд трансформаторларнинг ортиқча зўриқиш билан ишлаши ва тезда ишдан чиқишига олиб келмоқда. Энди юқорида айтиб ўтганимдек, аввал ўрнатилган ва рўйхатга олинган симёғочлар бюджет ҳисобидан ўзбошимчалик билан ўрнатилган симёғочлар фуқароларнинг ўз маблағи ҳисобидан янгисига алмаштирилади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

 "Зарафшон" мухбири.