Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фарзандини каналга чўктирган ота 18 йил озодликдан маҳрум этилди

2019 йил 25 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди судьяси С.Мамадалиева раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида алиментдан қутулиш учун ўз фарзандини қасддан ўлдирган отага ҳукм ўқилди.

Маълум бўлишича, судланувчи Т.Темиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) фарзандини ўзига ўхшамаслигидан шубҳа қилиб, турмуш ўртоғи Г.Темирова билан жанжаллашиб, ҳамиша камситиб келган.

Оқибатда Г.Темирова ўғлини олиб, қизлик уйига кетиб қолади ва фарзанди учун алимент олиш учун судга мурожаат қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди даъвони қаноатлантириб, Г.Темирова фойдасига фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар Т.Темиров топган даромадининг 70 фоизини алимент тариқасида тўлаб боришини ва онаси иштирокида боласи билан ҳар ҳафта шанба, якшанба кунлари учрашишни белгилайди. 

Ушбу ҳал қилув қароридан фойдаланган ота алимент пулини тўлашдан қутулиш мақсадида Г.Темированинг хонадонига фарзандини кўргани келади ва ҳар нимани баҳона қилиб, 2018 йилнинг июль ойида туғилган Ш.Темировни олиб қочади. Сўнгра Шимолий Фарғона канали олдига олиб келиб, ўғлини каналга ташлаб юбориб, қасддан ўлдиради.

Бир неча кун ўтиб, боланинг жасади “Оби Садо” номли ошхона ёнидан оқиб ўтган каналдан топилган. 

ДНК биологик экспертизаси хулосасига кўра, бола Т.Темиров ва Г.Темироваларнинг фарзанди эканлиги тасдиқланган.

Судланувчи Т.Темиров судда қилмишидан пушаймон эканлигини айтиб, ўзининг жиноий қилмишига тўлиқ иқрор бўлди.

Суд ҳукмига кўра, Т.Темиров Ўзбекистон Республикаси  Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в,и” бандлари билан 18 (ўн саккиз) йил озодликдан маҳрум этилди.

Акрамжон АРИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди катта консультанти.