Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ФҲДЁ архивидан маълумотнома илгари 15 кунда берилган бўлса, бугун ДХМ орқали 3 кунда бериляпти

Бугун мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган юртдошларимиз, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари ушбу ўзгаришларни доимий кузатиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини, талаб ҳамда таклифларини билдираётганлиги натижасида соҳалар ривожи йўлидаги бюрократик тўсиқлар, коррупция каби иллатларнинг олди олинмоқда.

Давлат хизматлари марказлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган янги тизим ҳисобланади. Мазкур тизимнинг яратилишида 10 дан ортиқ илғор хорижий тажрибалар ўрганиб чиқилди.

Давлат хизматлари марказлари фуқароларнинг мушкулини осон қилиш, вақтини тежаш, ташкилот, идора ва муассасалар фаолиятига ишончини мустаҳкамлаш мақсадида “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида фаолият юритиб келмоқда.

Ҳозирги кунда вилоятимизнинг барча туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларида электрон навбат жорий этилган. Бу эса марказга келган фуқаролар ўртасида тартибсизликлар келиб чиқишининг олдини олишга имкон яратмоқда. Ваҳоланки, 120 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилаётган Давлат хизматлари марказларига мурожаат билан келаётган жисмоний ва юридик шахслар сони кўпчиликни ташкил этади. Биргина, Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари марказига бир кунда 1000 дан ортиқ фуқаролар турли соҳалар бўйича мурожаат билан келишади.   

Жорий йилнинг 25 декабрь куни Zarnews.uz сайти орқали журналист Хуршида Эрназарова томонидан “Ягона дарча Давлат хизматлари марказига айлантирилди. Нима ўзгарди?” номли мақоласи юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Биринчидан, ҳар бир ДХМларда давлат хизматларини кўрсатиш соҳалар бўйича секторларга бўлинган. Фуқароларнинг тушлик пайтида ҳам марказга ташриф буюриши ҳисобга олиниб, ходимлар ўртасида узлуксиз иш жадвали йўлга қўйилган.

Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги 134-сон қарори билан тасдиқланган Маъмурий регламентга мувофиқ ахборот-коммуникация тизими орқали ФҲДЁ архивлари сўровнома тушган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида сўралаётган маълумотларни тегишли ФҲДЁ органларида мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаб, QR-код қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ҳамда тегишли Давлат хизматлари марказига юборади.

Бироқ Давлат хизматлари марказлари томонидан ушбу хизмат жорий этилишидан аввал ФҲДЁ архивидан маълумотномалар қонунчиликка мувофиқ 15 кун муддат ичида тақдим этиб келинган.

Учинчидан, болаларни боғчага жойлаштириш норматив ҳужжатларга асосан, марказ ходимлари томонидан фуқаролардан фақат ариза қабул қилинади. Қабул қилинган аризалар эса Мактабгача таълим вазирлигининг “OPEN EMIS” сайтига юборилади. Аризанинг жавоби фақат онлайн тарзда келади. Марказ ходимлари эса бу ҳақда фуқарони хабардор қилади. Шунингдек, ҳар бир туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларида Мактабгача таълим вазирлигининг телеграмдаги @MtmNavbatBot манзили осиб қўйилган. Фуқароларга ушбу манзил орқали ҳам онлайн навбат ҳақида хабардор бўлиб туришлари тўғрисида маълумот берилади.

Тўртинчидан, мақола сўнггида келтирилган маълумот бўйича яъни, марказ ходимлари томонидан битта кўп қаватли уйда яшовчиларнинг ҳужжатларига иккита маҳалланинг номи ёзилиши каби ҳолатлар кузатилмаган. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, марказга мурожаат қилган ҳар бир фуқаронинг аризасида келтирилган маълумот учун мурожаатчининг шахсан ўзи масъулдир. Аризада кўрсатилган манзил ва бошқа маълумотлар фуқаро томонидан тўлдирилади. Лекин юқоридаги ҳолат юзасидан фуқаролардан ҳам, “Марказгазтаъминоти” унитар корхонасининг шаҳар филиалидан ҳам оғзаки ёки ёзма равишда ҳеч қандай шикоят тушмаганлигини маълум қиламиз.

Давлат хизматлари марказлари ташкил этилганига бу йил икки йил тўлди. Бугунги кунда халқимизга тезкор, қулай ва шаффоф хизматларни кўрсатишда инновацион ахборот технологияларига таянган ҳолда ишлар олиб борилмоқда. Албатта, ҳали олдимизда турган вазифалар кўп. Фаолиятимиз самарадорлигини янада ошириш биринчи ўринда турган долзарб масалалардан биридир. Шу боис нафақат бизнинг тизимда, балки барча соҳаларда эришилаётган ютуқларни, баъзи камчиликлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишда албатта, ОАВ вакилларининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Журналистлар томонидан билдирилган ҳар бир ижобий ва танқидий фикр-мулоҳазаларни тўғри қабул қилиш бугуннинг талаби ҳисобланади. Зеро, оммавий ахборот воситалари ҳар доим жамият тараққиётининг кўзгуси бўлиб келган.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.