Ягона дарча Давлат хизматлари марказига айлантирилди. Нима ўзгарди?
Давлат хизматлари маркази томонидан амалга оширилаётган хизматлар аҳолининг қатор соҳалардаги овораю сарсонгарчиликлари, молиявий сарф-харажатларга чек қўймоқда.
Исталган нашрни, расмий сайтни кузатинг, Давлат хизматлари марказлари ҳақида ана шундай баландпарвоз гапларни ўқийсиз. Аслида ҳам шундайми? Марказ илгари ягона дарча, деб номланарди. Номи ўзгарди-ю хизмат кўрсатиш сифати ўзгаргани йўқ. Тўғри, марказ ягона дарчадан кўра, кўпроқ соҳалар бўйича хизмат кўрсатяпти. Аммо...
Куни кеча Самарқанд шаҳри Гагарин кўчасида жойлашган Давлат хизматлари марказига бордим. ФҲДЁдан маълумотнома керак эди. Соат 14:10 - “ҳали ЗАГСдагилар обеддан қайтгани йўқ”, деди навбатга талон берадиган ходим. Зал тўла одам, навбатим келишини кутиб ўтирдим. Ярим соатлар ўтгач, ФҲДЁга келганларни чақира бошлади. Бир соатдан кейин навбатим келди.
Нима мақсадда келганимни сўраган ходима маълумотларни компьютерга киритиб бўлгач, кассага тўлов қилишимни ва уч кундан кейин хабар олишимни айтди.
- Битта маълумотнома учун уч кун кутишим керакми? - дедим ажабланиб.
Рост, ҳайратландим. Чунки авваллари ФҲДЁ архивига бориб, ўша куни маълумотнома олса бўларди. Ислоҳотни, унинг натижасини қаранг: энди бунинг учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилсангиз 11205 сўм 75 тийин тўлайсиз, камига яна уч кун кутасиз.
Мендан олдин мурожаат қилган аёл боласини боғчага бериш учун бешинчи марта келаётганини айтганида, ишонмагандим. Таассуфки, мен гувоҳи бўлганларимни оммавий ахборот воситалари одамлар сарсон бўлишининг олдини олиш, уларнинг вақтини ва нақдини тежаш, коррупцияга қарши курашиш, деб ёритишади.
Ноилож, марказни тарк этаётганимда яна бир қизиқ воқеа бўлди. Бир йигит келиб (иш юритувчи бўлса керак) боя менга уч кундан кейин келишимни айтган қизга “Сиз кимларни чақираяпсиз?” деб сўради. “ЗАГСни”, деган жавобни эшитгач, “Бўлди, энди боғчаларни чақиринг”, деди.
Ана сизга томоша. Одамлар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади, деб пештоқига катта-катта ҳарфлар билан ёзилган идорани “ғирт колхоз, булар”, деб қолди, шу ерда турганлардан бири. Бўлиб ўтган воқеалардан кейин у гапга ишондим.
Чунки сал олдинроқ шаҳар газ корхонасига бир иш билан борганимда, мутахассислардан бири: “Ягона дарча ишимизни эплолмади. Битта кўп қаватли уйда яшовчиларнинг ҳужжатларига иккита маҳалланинг номини ёзиб берибди. Қўшниси нариги маҳалла фуқароси, ўзи бошқа маҳалла фуқароси. Хуллас, яна ишимизни ўзимизга қайтарди”, деганди.
Хуллас, Давлат хизматлари марказига ишингиз тушадиган бўлса, бир кунда ишим битади, сарсон бўлмайман, деб хомтама бўлманг.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.