Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Франсуа Шатто микрофондан фойдаланмади

Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси ташкил этилганлигининг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида 12 апрель куни Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳовлисида таниқли режессёр Олимжон Салимов томонидан Мақсуд Шайхзода асари асосида саҳналаштирган “Мирзо Улуғбек” спектакли намойиш этилди.

Спектакль намойишининг ўзига хос томони шундаки, Мирзо Улуғбек ролини таниқли француз актёри Франсуа Шатто ижро этди. Воқеа шуниси билан нодирки, спектаклда Франсуа Шатто француз тилида, Самарқанд вилоят драма театри актёрлари ўз ролларини ўзбек тилида ижро этишди. Лекин на ўзбек, на француз томошабинлари таржимон хизматига мурожаат қилди. Санъатнинг чегара билмаслиги, тилнинг муҳим эмаслиги яна бир карра исботини топди.

Спектакль тугагач, актёрларга гуллар тақдим қилган томошабинлар уларни узоқ вақт қарсаклар билан олқишлаб туришди. “Раҳмат!” “Ташаккур” каби ҳайқириқлар билан бирга “Браво!” “Мерси!” каби ҳайқириқлар ҳам янгради.

Француз актёрининг маҳоратига барча томошабинлар тан беришди. Унинг юқори тембрли бас овози мадраса ҳовлида баланд жаранглаб, энг чекка ҳужралардан тортиб, мадраса гумбазлари ва осмонўпар миноараларда ҳам акс-садо берди. Спектакль тугагач, мутасаддилар микрофон орқали гапирганда ҳам, француз актёри микрофонни рад қилиб, микрофонсиз гапирди ва унинг жарангдор овози бутун мадраса ҳовлисида жаранглаб эшитилди.

Каримберди Тўрамурод.