Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ФВВ Оқдарёдаги буюм бозорида рўй берган ёнғин юзасидан расмий маълумот берди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги буюм бозорида рўй берган ёнғин юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, 12 ноябрь куни Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчаси Амир Темур кўчасидаги «Оқдарё савдо комплекси»да содир бўлган ёнғинни ўчиришга жалб этилган куч ва воситаларнинг ҳаракатларидан ёнғиндан зарар кўрган дўкон эгаларининг норозилиги тўғрисида маълум қилинган.

«Маълумотда қайд этилган ҳолат бўйича 12 ноябрь куни соат 18:42 да Оқдарё тумани фавқулодда вазиятлар бўлими диспетчерлик хизматига туманнинг Лойиш шаҳарчаси Амир Темур кўчасидаги “Оқдарё савдо комплекси”да ёнғин рўй берганлиги тўғрисида комплекс қоровули фуқаро Ш.И. томонидан хабар берилиб, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи ёнғин жойига соат 18:49 да етиб борган», дейилади хабарда.

Шунингдек, ёнғинни ўчиришга Самарқанд шаҳридан қўшимча равишда 2 та, Иштихон туманидан 1 та ёнғин-қутқарув экипажлари жалб этилиб, ёнғин соат 19:00 да ўраб олинган, соат 20:10 да эса тўлиқ ўчирилган.

Ёнғинни бартараф этишга қаратилган тезкор тадбирлар тўлиқ олиб борилган бўлса-да, савдо комплексидаги жами 10 та (56—61, 27—29 ва 31-) савдо дўконининг жами 180 метр квадрат майдони зарар кўрган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, савдо комплекси 2017 йилдан буён фаолият кўрсатаётган бўлиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига умуман риоя қилинмаганлиги бўйича бозор маъмуриятига мунтазам равишда тақдимнома ва тавсияномалар киритилган.

Шунингдек, 2020 йилнинг июнь ва октябрь ойларида мутахассислар томонидан ўтказилган профилактик кўриклар давомида савдо комплексида ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги меъёр ва қоидаларнинг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этиш бўйича қайд этилган камчиликлар масъуллар томонидан бартараф этилмаганлиги ҳам ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлиб, ёнғинни бартараф этишга салбий таъсир кўрсатгани айтилган.