Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ғалланинг ўрнига нима экдингиз?

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, бир қатор вазирлик ва мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат республика ишчи гуруҳи вилоятимизда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ишларини ўрганди.

Жумладан, ишчи гуруҳ аъзолари Самарқанд туманида ғалладан бўшаган майдонларни шудгорлаш ва фермерлар ҳамда аҳоли томонидан такрорий экин экиш жараёнлари билан танишди.

Маълумотларга кўра, жорий йилда тумандаги 632 фермер хўжалигининг 274 тасида  3340 гектар майдонда ғалла етиштирилган. Айни пайтда бошоқли дон ҳосили ўриб-йиғиб олинган ерларни сомондан тозалаш, пешма-пеш шудгорлаш ва экин экиш учун тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

– Ғалладан бўшаган ерларнинг 2884 гектарига такрорий экин экиш режалаштирилган, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Самарқанд тумани кенгаши раиси Усмон Хуррамов. – Жумладан, Бу майдонларнинг катта қисмига картошка ва бошқа сабзавот экинлари, 141 гектарга дуккакли экинлар экиш режалаштирилган ва бу ишлар ҳозирда давом этмоқда. Такрорий экинларни экиш учун керакли миқдорда уруғлик, минерал ўғит ва ёнилғи-мойлаш материаллари захираси яратилган.

 Тумандаги 1247 хонадон эгалари ғалладан бўшаган ерларда такрорий экин экиш учун фермерлардан ер сўраган ва уларга тегишли тартибда 457 гектар ер майдони ажратиб берилган. Шунингдек, кам таъминланган, эҳтиёжманд 112 оилага деҳқончилик қилиб, даромад олиши учун 361 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.

– Бу йил 3,2 гектар майдонда ғалла етиштириб, 44 центнердан ҳосил олдик, – дейди Самарқанд туманидаги “Жаҳонгир Барноев” фермер хўжалиги бошлиғи Ж.Барноев. – Ҳозирда ғалладан бўшаган 1 гектар ерга карам, 1,5 гектарига бодринг экдик. Қолган ерлар картошка экиш учун тайёрлаб қўйилди.

Ишчи гуруҳ Тойлоқ туманида ҳам такрорий экинлар экиш ишлари яхши ташкил этилганига гувоҳ бўлди. Бугунги кунда тумандаги 5275 гектар ердаги бошоқли дон йиғиштириб олиниб, сомондан тозалаш ва шудгорлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу майдонларнинг 60 фоизга яқини картошка ва дуккакли экинлар экишга ҳозирланиб, ерга уруғ қадашга киришилган.

Ўрганишлар жараёнида айрим ҳудудларда такрорий экин экиш ишларига киришилмагани ва бу жараёнда йўл қўйилган камчиликлар аниқланиб, мутасаддиларга зарур таклиф ва тавсиялар берилди.

Б.Хонкелдиев,

Б.Мустанов.