Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Гўзаллик, авто ва бошқа салонлар етимлар ҳаққини ушлаб қолаяпти...ми?

Харид чекини олишни унутманг, номли акция бошлангандан бери шу ҳолатга эътибор бера бошладим. Айниқса, солиқ тушумини ҳар бир вилоятнинг ўзида қолиши ижтимоий ҳимояга кўпроқ эътиборга сабаб бўлишини билгач, бу воқеа янада эътиборимни тортди. Мисол учун шу йил айнан шу янгилик туфайли вилоятда ўнга яқин оилалар патронат сифатида ота-она қарамоғисиз қолган болаларни қарамоғига олгани, улар ҳар ой моддий қўллаб қувватланиши ҳақида эшитдим. Гап шундаки, патронат оилалар ҳақида ҳуқуқий асос юртимизда 15 йилдан бери мавжуд. Аммо молиявий ҳолат уни амалга оширишга имкон бермаган. Эндиликда солиқ тушумларини ҳар бир вилоятнинг ўзида қолдирилаётгани патронат тизими ишга тушганига имкон яратди. Қолаверса, чин етимлар учун белгиланган қатор имтиёзларнинг ҳаммаси қоғозда эмас, амалда иш бошлаши учун ҳам солиқларнинг ўз вақтида тўланиши ва давлатдан яширилмаслиги муҳим аҳамиятга эга. Буни ҳар биримиз тўғри тушунишимиз ҳамда онгли идрок этишимиз лозим. Ҳозирда вилоятда 50 нафарга яқин чин етимлар уй-жойга муҳтожлиги ҳақидаги фактнинг ўзиёқ солиқ тўловларининг вақтида амалга ошиши лозимлигини кўрсатиб турибди.

Шу нуқтаи назардан харид чекини талаб қилиш бизнинг ижтимоий жиҳатдан фаоллигимизни кўрсатади. Таъбир жоиз бўлса, савоб ишнинг энг юқори кўриниши бу. Тўғри, савдо шохобчаларида харид чекини талаб қилишга нормал ҳолат деб қараймиз. Аммо хизмат кўрсатиш шохобчалари, хусусан, гўзаллик, автомобилларга хизмат кўрсатиш, келинлар салонларида чек талаб қилсангиз, сизга коинотдан тушдингизми, деган маънода қарашади. Бугун гўзаллик салонларидаги бир қанча хизмат турларининг нархи кўпчиликни шошириб қўйиши табиий. Айниқса, марказларда ҳар бир аёл энг камида 50 минг сўмни салонга тўлаб чиқишларини ҳар биримиз биламиз. Аммо чек ҳақида бирор фикр бўлмаган. Автомобилларни тузатиш устахонасида ҳам шу ҳолат.

 Юқоридаги мисоллардан сўнг ушбу салонлар кам таъминланган аҳолининг ризқига шериклик қилаётгандай туюлди. Сизчи, сиз нима дейсиз?

Гулруҳ Мўминова.