Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳарбийлар вилоят ҳокимидан нима сўради?

Аввал хабар қилганимиздек, Марказий ҳарбий округда вилоят ҳокими Э.Турдимов Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази тингловчилари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар билан учрашди.

Ватанпарварлик ойлиги доирасида ўтказилган учрашувда вилоят ҳокими ҳарбийларни байрам билан қутлаб, ёш ҳарбийлар билан соҳадаги ўзгаришлар, янгиланишлар хусусида суҳбатлашди. Уларнинг мақсад-ўйлари, орзу-истаклари билан қизиқди.

Ҳарбийлар уй-жой, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ижарадаги хизматчилар учун етарли шароит яратиш ҳамда болаларини мактабгача таълим билан қамраб олиш юзасидан вилоят ҳокимига мурожаат қилишди.

- Вилоят ҳокимининг байрам олдидан ўтказилган бу учрашуви биз ҳарбийларга байрамона кайфият ва шижоат бағишлади, - дейди кичик серажант Ихтиёр Ҳаққулов. – Ҳарбийларни қийнаётган айтарли муаммолар йўқ. Президентимиз ташаббуси, қолаверса, вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари саъй-ҳаракати билан биз учун кўпгина қулайликлар яратилди. Мен бугунги учрашувда шаҳарчамиздаги мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини кенгайтириш, қўшимча бинолар қурилиши кераклиги хусусидаги таклифларимни ўртага ташладим. Вилоят ҳокими бу таклифимни мамнуният билан қабул қилди ва қисқа фурсатда ҳарбийлар фарзандлари тарбияланаётган МТТ учун қўшимча бино ва шароитлар яратилишини айтди.

Учрашув якунида вилоят ҳокими хизмат жараёнида алоҳида ўрнак кўрсатган ҳарбий хизматчиларга эсдалик совғалари топширди.

Тадбирдан кейин Э.Турдимов курсант ва аскарлар ошхонаси билан танишди ҳамда ҳарбийлар билан бирга тушлик қилди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.