Каттақўрғонлик ёшларни нима қийнаяпти?

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг ёшлар билан  навбатдаги учрашуви Каттақўрғон туманидаги 37-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.

Бу галги учрашувда вилоят ҳокими, бошқарма ва идоралар раҳбарлари, туман мутасаддилари билан бирга шу ҳудуддан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат С.Остонов ҳам иштирок этди.

Учрашувда ишсиз ва эндигина тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ҳамда ишлаб чиқаришни кенгайтиришни мақсад қилган, аммо бу борада муаммоларга дуч келаётган ёшлар иштирок этди.

Сардоржон Баҳромов  ўзи истиқомат қилувчи Полвонтепа қишлоғида мебель ишлаб чиқариш, тикувчилик цехи, фитнесс-клуб, спорт зали очмоқчи. Бу орқали у нафақат яқинлари, балки 100 нафардан ортиқ қишлоқдошларини ҳам иш билан таъминламоқчи. У тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун жой ва кредит масаласида ёрдам сўради.

Ушбу масала билан туман ҳокими ва тегишли банк раҳбари шуғулланиб, зарур амалий ёрдам кўрсатилиши белгиланди. 

Учрашувда чорвачилик, паррандачилик, бизнесни ташкил этиш учун молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилган  ёшлар кўпчиликни ташкил этди. Вилоят ҳокими бундай йигит-қизларга наслли чорва моллари олиш учун тегишли фермер хўжаликлари билан шартнома тузишлари кераклигини айтди ва Халқ банки томонидан уларга кредит ажратиб бериладиган бўлди.  Бекжон Шайманов учрашувда нафақат ўзи, балки Бунёдкор маҳалласи аҳолисининг муаммосига ечим топиш мақсадида мурожаат қилди. Яъни туман марказидан 35 километр узоқликда жойлашган маҳаллада тиббиёт пункти ташкил этиш, тез ёрдам автомашинаси ажратиш сўралди. Э.Турдимов 2021 йил 1 январгача ушбу масалани ижобий ҳал этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.

Учрашувда ёшлар бизнес бошлашлари учун ер ажратиб беришни сўрашди. Уларга ерни аукцион орқали сотиб олиш тартиби тушунтирилди. Ҳозирда туманда  40 дан ортиқ ер участкалар аукцион  савдоларга қўйилганлиги маълум қилинди.

Барча мурожаатлар ижроси юзасидан масъулларга зарур топшириқлар берилди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.