Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳоким каттақўрғонлик ёшлар билан учрашди

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Каттақўрғон шаҳридаги 11-умумий ўрта таълим мактабида ёшлар билан учрашди.

Тадбирда 100 нафарга яқин йигит-қиз иштирок этди ва уларнинг мурожаати диққат билан тингланди.

Учрашувда, ёшлар асосан ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит олиш, уй-жой, таълим соҳасидаги муаммолар юзасидан мурожаат қилди.

- Вилоят ҳокими маҳалламизга келиб биз билан учрашиши мени ҳам қийнаб келаётган бир муаммонинг ечилишига сабаб бўлди, - дейди Ноқис маҳалласида яшовчи Фарангиз Қудратуллаева. – Бу йил пандемия сабаб оиламиз моддий жиҳатдан қийналиб қолгани учун таълим кредитига эҳтиёжим бор эди. Бугун ҳоким кўмаги билан «Микрокредитбанк» шаҳар филиали томонидан кредит ажратиладиган бўлди.

Учрашувда ёшлар томонидан билдирилган 73 мурожаатнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Муддат талаб қилинадиганлари бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Вилоят ҳокими Ингичка шаҳарчаси ёшлари билан ҳам учрашди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.