Ҳоким билан учрашувдан ёшлар нима олди?

Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Самарқанд вилояти ҳокими, Ички ишлар вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда республика Халқ банки мутасадди раҳбарлари иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Учрашув давомида Эркинжон Турдимов фаол ёшларга тенгдошларига ҳам етказишлари зарур бўлган маълумотларни айтиб ўтди.

Хусусан:

- Самарқанд шаҳрида ишлайдиган фуқаро қаерда рўйхатда туришидан қатъий назар кўҳна кентдан субсидия асосида уй олиши мумкин;

- эртага собиқ "Темурбеклар мактаби"да 450 кишига касб-ҳунар ўргатиш маркази иш бошлайди;

- ҳар бир маҳаллада 1,4 миллион сўм иш ҳақи тўланадиган меҳнат инспектори штати жорий қилинди;

- Самарқанд шаҳрида хостел типидаги талабалар ётоқхоналари қурилади. Хусусий бизнес билан ҳамкорликда қуриладиган бу объектлар таътил даврида сайёҳларга хизмат кўрсатади;

- янги қурилаётган кўп қаватли уйларни кредитга олишда 15 фоиз бошланғич бадал тўланади. Бунинг 10 фоизи субсидия асосида берилади. Демак, фуқаро бошланғич бадалнинг 5 фоизини тўлаши керак, холос.