Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳоким ўринбосари ҳайдовчиларни маданиятни оширишга чақирди

Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шаҳзод Эшонқулов шаҳарда ҳаракатланувчи “Архидея моторс” масъулияти чекланган жамиятига тегишли автобус ҳайдовчилари билан учрашди.

Суҳбат давомида ҳоким ўринбосари ҳайдовчилардан вояга етмаган ёшларни паттачи (кондуктор) қилиб ишга олишга йўл қўймаслик, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун, ёшларни таълим-тарбияга йўналтириш давлат сиёсатининг устувор вазифаси экани ҳақида тушунча берди. Шунингдек, ҳайдовчиларнинг обру ва мавқейини ошириш, уларнинг хизмат кўрсатиш соҳасидаги фаоллигига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Учрашувда ҳайдовчилар ҳам айрим муаммо ва камчиликлар ҳақида гапирди. Уларнинг айтишича, айрим ҳудудларда автобус тўхташ жойлари йўқ, бекатларга енгил машиналарнинг туриб қолгани ҳаракатланишга тўсқинлик қиляпти. Автобусларга, аслида паттачи керак эмас. Негаки, унга ҳам кунлик тўлов беришга тўғри келади. Бироқ айрим ҳайдовчиларнинг ҳаддидан ошиб, тезликни оширганча йўловчи олишга уриниши, ўз фарзандини (фарзандига пул тўламайди) кондуктор қилиб олиши туфайли бошқаларда ҳам кондукторга эҳтиёж туғилмоқда.

– Бу муаммони тартибга олишнинг имкони бор, – деди “Архидея моторс” МЧЖ раҳбари Музаффар Насимов. – Яъни, барча автобусларга уларни кузатиб турувчи қурилма ўрнатилиши керак. Шу қурилма орқали уларнинг қаерда экани ва қандай тезликда ҳаракатланаётгани кўриниб туради. Қоидани бузганларга эса албатта, чора кўрилади.

Тадбирда ҳайдовчилар маданиятини ошириш, уларнинг махсус хизмат кийимлари билан ҳаракатланиши, автобусларнинг тоза ва озода сақланиши хусусида таклифлар билдирилди. Айтилган муаммолар бўйича ҳокимлик томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш белгиланди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.