Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳокимликлар ва халқ таълими бошқармаси учун мактабларга директор топиш муаммоми?

15 июль куни ўтказилган ҳокимлик соати йиғилишида Пайариқ тумани мисолида бир қатор мактабларда директор лавозими вакант эканлиги, бу борада вилоят халқ таълими бошқармаси зарур чораларни кўрмаётганлиги танқид қилинган эди.

Шундан сўнг туман, шаҳар ҳокимликлари ташкилий назорат гуруҳлари раҳбарларига жойлардаги мактаблар директори вакант лавозимлари ҳақида маълумотларни умумлаштириш топшириғи берилди. Мазкур топшириқ асосида киритилган маълумотда қайд этилишича, вилоят бўйича 72 таълим муассасасида директор лавозими вакант экан. Лекин негадир ушбу маълумотдан Каттақўрғон туманидаги 19-мактаб ҳамда Нарпай туманидаги 63-мактабда директор лавозими вакантлиги “тушиб” қолган. Ушбу туманлар ташкилий назорат гуруҳлари нима мақсадда ҳақиқий ҳолатни яширишга уринганига ойдинлик киритилмоқда ҳозирда.

72 вакант жой бўйича рўйхат туман ва шаҳар ҳокимларига юборилиб, 22 июлга қадар директор лавозимига номзодларни вилоят халқ таълими бошқармасига суҳбатга юбориш ҳамда директор лавозимига тасдиқланганлар ишни бошлашини таъминлаш талаб қилинган эди.

Орадан бир ҳафта ўтди ва бугун ўтказилган ҳокимлик соатида ушбу масалага яна қайтдик.

Минг афсуски, қайд этилган 72 умумтаълим мактабининг бирортасига ҳалигача директор тайинланмабди. Вилоят халқ таълими бошқармаси 44  таълим муассасасига раҳбарни саралаш учун кузатув кенгашларига хат юбориб, кузатув кенгашлари хулосасини ўн кун ичида вилоят ҳокимлигига  юборишини маълум қилди, холос.

Майли, янги тартибга риоя қилиш керак. Лекин кузатув кенгашлари ташкил этилгунга қадар (2018 йил 26 декабрь) бўлган вақт давомида ҳам вилоятдаги 25 та таълим муассасасига бошқарма буйруғи билан директор тайинланмаганини қандай тушуниш керак?

Нега Нарпай туманидаги 2-мактабда 2017 йил 2 июлдан, 22-мактабда 2017 йил 10 июлдан, 60-мактабда 2017 йил 13 декабрдан, Паст Дарғом туманидаги 83-мактабга 2017 йил 7 октябрдан, Булунғур туманидаги 41-мактабда 2017 йил 17 сентябрдан буён директор тайинланмаяпти? Нима, бу таълим муассасаларида раҳбарликка лойиқ ўқитувчилар йўқми?

Маълумотларга кўра, кейинги бир ҳафта давомида Паст Дарғом туманидаги 7 та вакант лавозимларнинг атиги биттасига, Самарқанд шаҳрида ҳам 3 та вакант лавозимдан биттасига 3 нафар номзод кузатув кенгаши хулосасига йўналтирилган. Паст Дарғом тумани ва Самарқанд шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосарлари қолган вакант лавозимларга номзод юбориш зарурлигини унутиб қўйдими?

Қирқ кундан сўнг янги ўқув йили бошланади. Директори йўқ мактаблар ўқув йилига қандай тайёргарлик кўрмоқда? Бу муассасалардаги ўқитувчилар бошини бириктириб, янги ўқув йилига янгича тайёргарлик кўриш бўйича иш олиб борадиган раҳбарларни топиш ва жойига қўйиш туман, шаҳар ҳокимликлари, халқ таълими бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари учун шунчалик катта муаммоми. Ёки бу ерда бошқа мақсад борми?...

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.