Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Разбор с сотрудником” номли видеолавҳа юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумот берди

“Instagram” ва “Telegram” ижтимоий тармоқларида ҳайдовчининг ЙПХ ходимларига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатиб, қочишга уринаётганлиги ва ҳақорат қилаётгани ҳолати акс этган видеолавҳа тарқалган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ЙХҲБ томонидан тақдим этилган маълумотда қайд этилишича, 2019 йил 17 август куни соат 01.00 лар атрофида ЙПХ ходими А.Ф. Самарқанд шаҳар Беруний кўчасида хизмат олиб бораётганида, шу кўча бўйлаб ҳаракатланиб келаётган “Ласетти-2” русумли автомашинани тўхтатиб текширганида, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро Х.И. транспорт воситасини тегишли ҳужжатларсиз бошқариб келаётганлиги аниқланган.

ЙПХ ходими ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани жарима майдончасига жойлаштиришини тушунтираётганида, автомашина салонида бўлган йўловчи, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаро М.А. ЙПХ инспекторини ҳақоратлаб, автомашинани жарима майдончасига олиб боришига қаршилик кўрсатган.

Шу вақтда, фуқаро М.А. қўшимча куч сифатида етиб келган ЙПХ ходимларини ҳақоратлаб, воқеа жойидан қочишга ҳаракат қилиши давомида йўлнинг четига ўрнатилган гул қўйиш учун мўлжалланган мосламага урилиб, йиқилиб тушган ва ЙПХ инспекторлари томонидан ушланган.

Автомашинада бўлган яна икки нафар фуқаро – Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган Ф.Ш. ва 1981 йилда туғилган Х.Т. фуқаролар кўз ўнгида ЙПХ инспекторини қўпол сўзлар билан ҳақоратлаб, фаолиятига қаршилик кўрсатган.

Ҳайдовчи И.Х. автомашинани тегишли ҳужжатларсиз бошқариб келаётганлиги сабабли, маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилган.

Текширув жараёнида, фуқаролар М.А. ва Х.Т. муқаддам икки маротаба йул ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилганлиги аниқланган.

2019 йил 17 август куни фуқаролар М.А., Ф.Ш. ва Х.Т. ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмай, фаолиятига қаршилик қилганлиги ҳолати юзасидан Самарқанд шаҳар маъмурий суди томонидан қоидабузарларнинг ҳар бирига тегишли тартибда жазо тайинланди.