Илм-маърифат, рақамли иқтисодиёт – барқарор ривожланишга кафолат

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилинди. Бу билан давлат раҳбари илм-маърифат ва технологияларнинг мамлакат ривожланишидаги аҳамиятига тўхталди ва “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизлик” эканлигига урғу берди.

Демак, бугун барчамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.

Мурожаатномада тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш орқали аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга эътибор қаратилгани аҳамиятли.

Янги авлод кадрларини тарбиялашда таълимнинг барча бўғинларида амалга оширилаётган ислоҳотларда ташаббускор, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали бўлиши инсон капиталига айланишидан далолат беради.

Мактабгача таълимни ривожлантириш борасида бошлаган ислоҳотларимиз натижасида ўтган йили 5 минг 722 та давлат, хусусий, оилавий болалар боғчалари ташкил этилди. Шунинг ҳисобидан фарзандларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси бир йил давомида 38 фоиздан 52 фоизга кўтарилди.

2019 йилда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги 3 та Ижод мактаби иш бошлади. Олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университетнинг филиали очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди.

Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий, иқтисодий соҳаларда рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши орқали қуйидагиларга эришиш мумкинлиги юртбошимиз томонидан таъкидланди:

- маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади;

- ортиқча харажатларни камайтиради;

- оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам улар самарали восита;

- натижадорликни оширади;

- одамларни турмуши яхшиланади.

Дарҳақиқат, тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, илмга, маърифатга асосланган жамиятгина ўзининг буюк давлатчилигига асос солинганлигини кўришимиз мумкин.

Ҳозирда ахборотлашган жамиятда яшар эканмиз, жамиятни рақамли иқтисодиётни ривожлантирмасдан туриб барча соҳаларни жаҳон интеграциялашувида, шунингдек, тараққиётимизда стратегик ёндашувда стратегик элементларни амалда ҳаётимизга татбиқ этмасдан туриб, барқарор иқтисодий тараққиётга эришиб бўлмайди.

Рақамли иқтисодиёт – янги рақамли тушунчалар ва имкониятлар доирасида жамиятда, бизнесда янги билим ва рақамли технологияларни шакллантирувчи замонавий иқтисодий тизимни англатади.

Масалан, аҳолининг давлат органлари билан муносабатларида электрон тарзда ахборот алмашинуви, юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизматлари органларига масофадан туриб электрон ҳисоботларни тақдим этиши, нотариал идораларда ахборот тизимининг жорий этилиши рақамли иқтисодиёт шаклланишида дастлабки қадам бўлмоқда.

Бугунги кунда барча раҳбар кадрларда, давлат хизматчиларида аҳолига хизмат кўрсатиш тизимларида рақамли технологияларни тизимли йўлга қўйиш, аҳоли ва давлат хизматчиларида бу борадаги тушунчалар ва кўникмаларни шакллантириш долзарб вазифамиз бўлиб қолмоғи керак.

Шахриёр ХОЛБАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси Самарқанд ҳудудий филиали бош мутахассиси.