Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ишлаб чиқарувчи ва тадбиркор манфаати кооперация кўргазмасида бирлашди

Жомбой туманида жойлашган “Uz Auto TRAILER” масъулияти чекланган жамияти кўргазма залида “Ҳудудлар ва тармоқлараро саноат кооперациясини ривожлантириш”га бағишлнаган кўргазма бўлиб ўтмоқда.

22-23 сентябрь кунлари ўтказиладиган мазкур кўргазмада Вазирлар Маҳкамаси, “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти ва Савдо-саноат палатаси масъуллари, вилоят ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича маслаҳатчилари, вилоятимиздаги автомобиль корхоналари раҳбарлари, вилоятлардаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар иштирок этишмоқда.

Мазкур кўргазма юртимиздаги кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари ҳамда автомобилсозлик корхоналари ўртасида саноат кооперацияси алоқаларини ўрнатиш ва кенгайтириш мақсадида ташкил этилмоқда.

- Президентимиз 2020 йилнинг 21 август куни Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида бўлиб ўтган кўргазмада юртимизга импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ва тадбиркорлар билан коооперация алоқаларини ривожлантириш борасида топшириқлар берганди, - дейди вилоят ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов. – Ушбу топшириқ асосида жорий йилнинг 28 август куни вилоятимизда ҳам шундай кўргазма ташкил этилди. Ўтган вақтда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан 300 дан ортиқ тадбиркор келиб 37 йўналишда меморандум имзолади. Бу галги кўргазманинг биринчи кунида республикамизнинг 10 дан ортиқ вилоятларидан 150 дан зиёд ишлаб чиқарувчилари келиб, маҳаллийлаштириш дастурига киритилган маҳсулотлар билан танишмоқда. Вилоятимиздаги 3 та корхона мисолида оладиган бўлсак, ўтган 8 ойда корхоналаримиз томонидан 93,5 миллион долларлик эҳтиёт қисмлар импорт қилинган. Бу оддий бутловчи буюмлар учун ҳам валютанинг четга чиқарилаётганини кўрсатмоқда. Мазкур кўргазмада маҳаллийлаштириш дастурига киритилган маҳсулотлар 3 хил рангга ажратилиб, эҳтиёж, импорт сўммаси, талаб миқдорлари белгиланган. Яъни, кўк рангдагилар маҳаллийлаштирилган, сариқ ранглилари бўйича жараён давом этмоқда ва қизил рангдаги бутловчи қисмлар хориждан импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳисобланади. Бу маҳсулотларни юқори технологияли бутловчи қисмлар бўлмаганлиги учун кичик тадбиркорлик субъектлари ҳам ишлаб чиқариши мумкин.

- Биз енгил ва юк автомобиллари учун 100 дан ортиқ ёритиш чироқлари, ён кўзгулар ишлаб чиқарамиз, - дейди Наманган вилоятидаги “КАDEER PARTS INDUSTRY” хорижий корхонаси директори Меҳрузбек Жўраев. – Маҳсулотимизнинг бир қисмини ички бозорга ҳамда МДҲ давлатлари, Корея, Хитой ва Европа мамлакатларига экспорт қиламиз. 28 августда ташкил этилган кўргазмада Самарқанд вилоятидаги 3 та корхонага 3 минг жуфт ёритиш чироқлари етказиб бериш борасида меморандум имзолагандик. Бугунги кўргазмада маҳаллийлаштириш мураккаб бўлмаган маҳсулотларни аниқлаб, корхонамизда ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганяпмиз.

Кўргазмада ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш ва В2В форматида учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Алишер ИСРОИЛОВ олган суратлар.