Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларида таълим сифати ўрганилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил 23 августда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчиларнинг мавқеини ошириш масаласига бағишлаб ўтказилган йиғилишда берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Президент Администрациясининг жорий йил 27 августдаги топшириғи асосида 11-30 ноябрь кунлари республикамизнинг барча ҳудудларидаги айрим фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ва мактаб-интернатларининг фаолияти ўрганилади.

Ўрганиш ишлари Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Давлат тест маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда олиб борилади.

Ўрганишлар давомида ихтисослаштирилган мактаблардаги ўқув-тарбия жараёнининг ташкил этилиши, таълим сифати, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг билими, ўқувчилар учун яратилган шароитлар, санитария қоидалари ва меъёрларига амал қилиниши каби йўналишлар кўриб чиқилади. Давлат тест маркази томонидан ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаларининг юқори синф ўқувчилари ҳамда ўқитувчилари учун ихтисослаштирилган фанлардан тест синовлари ўтказилади.

Натижалар бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолиятини, улардаги таълим сифатини келгусида янада такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқилади.