Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбойда тупроқни қайта ишловчи инновацион технология ишга тушди

Самарқанд вилоятида 2019-2020 йилларда умумий қиймати 18,7 триллион сўм бўлган 968 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Жумладан, жорий йилда 73 лойиҳа учун 355 миллион долларлик хорижий инвестиция йўналтирилиши режалаштирилган.

Ҳозирги кунда ҳудудда 400 га яқин хорижий сармоя иштирокидаги корхона бор. 2018 йилда вилоятда 58,3 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилди. Бу 2017 йилга нисбатан қарийб 2,5 баравар ёки 3,7 миллион долларга ўсган деганидир. 2018 йилда 127 хорижий сармоя иштирокидаги корхона ташкил этилди. Улардан бири "Керамик брикс" корхонасидир. Яқинда – Наврўз байрами арафасида фаолият бошлаган мазкур корхона Жомбойнинг узоқ қишлоғида бир томони Булунғур ва Ғўбдин қирликларига туташ тепаликларида қад ростлади. 120 та янги иш ўрни мавжуд заводнинг умумий қиймати 163 миллиард сўм 5 миллион долларлик Испания инвестицияси киритилган.

– Ўзбекистон инвестиция киритиш учун қулай макон, – дейди испаниялик инвестор Марио Себостиани. – Бизнесни ривожлантириш мумкин. Фақат мавжуд имкониятларни ишга солиш муҳим. Биз бу заводга инновацион технологияларни ўрнатдик. У автоматик тарзда бошқарилади ва юқори сифатли маҳсулот олишни таъминлайди. Илғор технология йилига 63 минг тонна тупроқни қайта ишлаш имконини беради. Натижада беш турдаги ғишт ишлаб чиқарилади. Унинг уч тури бўйича Ўзбекистонда муқобили йўқ. Қурилиш материали деворга терилгач, унга ранг бериш ёки пардозлашга ҳожат қолмайди. Дизайн ўзи билан.