Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбой туманидаги кўп қаватли уй-жойлар қачон куз-қиш мавсумига тайёр бўлади?

Маълумотларга кўра, Жомбой туманида 30 та кўп қаватли уй-жойлар мавжуд. Уларнинг аксарияти ҳамон куз-қиш мавсумига тўлиқ тайёр эмас. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида айтиб ўтилган.

Хусусан, Гулистон маҳалласида жойлашган 5 та кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш учун “Shuhrat Quruvchi Nur” МЧЖга АТБ “Халқ банки” туман филиали томонидан 2017-2018 йиллар мобайнида 938 миллион сўм кредит маблағлари берилган. Лекин уйларда канализация тизими мавжуд эмаслиги оқибатида хонадонлардаги ҳожатхона ва ошхона сувлари ертўлага оқиб тушиб, тўпланмоқда.

Шунингдек, 8-уйнинг том қисмида таъмирлаш ишлари охирига етказилмаган. Туман Ободонлаштириш идораси томонидан ҳудуддаги дарахтларни буташ (кесиб-пардозлаш) ишлари амалга оширилмагани сабабли ёмғир сувлари тушадиган тарновлар шох-шабба ва барг билан тўлган.

АТБ “Агробанк” туман филиали томонидан 2017-2018 йиллар мобайнида 515 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган бўлса-да, 1-4 ва 7-уйларнинг канализация тизими янгиланмаган. Бундан ташқари, хонадон эгаларига тегишли уйларнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган.

Шодлик, Алишер Навоий ва Аҳмаджон Қурбонов маҳаллаларидаги 16 та уйларга “Жомбой шодлик коммунал сервис” ХУЖМШ хизмат кўрсатади. Ўзбекистон Миллий банкининг туман филиали томонидан 2017-2018 йилларда 2 миллиард 50 миллион сўм кредит ажратилган. Лекин 13-уйнинг зиналари таъмирланмаган, ёғингарчилик вақтида бинонинг том қисмидан хонадонларга сув кетиш ҳолатлари мавжуд, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилмаган. 21-уйнинг том қисмига аксарияти синиқ шиферлар қўйилган.

Йиғилишда шунингдек, туман электр тармоқлари бўлими масъуллари томонидан кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида бир қатор камчиликларга йўл қўйганлиги ҳам тилг олинди.

Масъуллар, мутасадди шахсларга аниқланган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш, “дом”ларда яшовчи аҳоли учун қулай шароитлар яратиш борасида зарур топшириқлар берилди.

Ё.ГАДОЕВ.