Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғон шаҳридаги кўп қаватли уйлар қишга тайёрми?

Каттақўрғон шаҳрига кейинги пайтда катта эътибор қаратилаётганини у ерда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Шаҳар янгича қиёфага кириб ободонлаштирилмоқда.  

Кўп қаватли уйлар сони бўйича Каттақўрғон шаҳри вилоятимизда Самарқанд шаҳридан кейинги ўринда туради. Бу кўҳна кентда ҳозирда бундай уйлар сони 243 тага етган. Уларга 18 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан хизмат кўрсатилади.

– Шаҳримиздаги таъмирталаб 110 та кўп қаватли уй 2016-2019 йилларда Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармасининг 15,1 миллиард сўм маблағи эвазига таъмирланди, – дейди Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Тоҳиржон Ишбеков. – Жумладан, уйларнинг том, тарнов, фасад қисми, кириш йўлаклари, электр қутилари таъмирланиб, кириш йўлакларида замонавий эшиклар ўрнатилди. 14 та болалар ва 4 та спорт майдончаси қуриб, фойдаланишга топширилди.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 сентябрда қабул қилинган “2020-2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан таъмирга муҳтож 36 та кўп қаватли уй тўлиқ таъмирланади. Айни пайтда шаҳар ичкарисидаги ичимлик ва оқова сув тармоғи янгиланмоқда. Ингичка шаҳарчасида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 2 та сув насоси ўрнатилди. Асосий ва ички йўлларда жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. 

Амир Темур маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларга “Гулчеҳра Тешаева” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади. Деярли барча уйларнинг фасад қисми таъмирталаб. Ачинарлиси, 2-уйнинг ертўла қисмида ўрнатилган электр қутилари яроқсиз ҳолга келиб қолган, қувурлар эскирган, аҳоли хонадонларидан ертўлага сув оқяпти.  

- Ширкатимиз томонидан 7 та кўп қаватли уйнинг 312 хонадонига хизмат кўрсатилади, - дейди ширкат раиси Шарофат Зокирова. – 2018 йилда 300 миллион сўм кредит эвазига 3 та уйнинг том қисми мукаммал таъмирланди, аммо фасад қисмига маблағ етмади. Пандемия шароитида аҳолидан пул йиғиш муаммо бўлди. Эндиликда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан уйларимиз тўлиқ таъмирланадиган бўлди.

Дўстлик маҳалласидаги икки қаватли 20 та уйнинг айримлари 2018 йилда таъмирланган бўлишига қарамай деворлари нураган. 

– Шаҳримиздаги 243 та кўп қаватли уйнинг ҳозирча 20 таси иситилади, - дейди Каттақўрғон шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Акрам Умаров. – Шундан 11 та эски кўп қаватли уйга тажриба сифатида икки контурли қозонлар ўрнатдик. Қиш мавсумида уйларни иситишда асосан электр ускуналаридан фойдаланилиши туфайли шаҳардаги 17 та трансформатор мукаммал таъмирланиб, 9 та янги трансформатор ўрнатилди. 35 километр масофадаги ҳаво тармоғи таъмирланди, 210 дона эски симёғочлар бетон таянч устунларга алмаштирилди. 

Каттақўрғон шаҳри янги қиёфага кираётгани яхши, аммо кўп қаватли уйларга иссиқ сув ва иссиқлик қачон берилиши масаласи барибир очиқ қолмоқда.     

      

Ҳусан Элтоев,

Фазлиддин Рўзибоев,

“Зарафшон” мухбирлари.