Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кечаги ҳақиқат - бугунги ёлғон. Одамларни ўз домига тортаётган сериаллар таъсири ва Ғарбона аянчли демографик вазият

1963 йил 22 ноябрда Далласда АҚШнинг 35-Президенти Жон Кеннеди (1917-1963) шафқатсизларча ўлдирилганидан кейин, 1970 йилларда мамлакатда янги элитанинг ҳукмронлиги ўрнатилди. Бу даврда телевидение, санъат, томошалар индустрияси, таълим тизими кишилар онгига ғоялар, тимсоллар, қарашлар ва қадриятларни сингдириб, тамоман янги миллатни шакллантиришга интилди. Бунинг оқибатида миллионлаб одамлар ўз юртида ўзини бегонадек ҳис эта бошлади. Ҳайвоний майл ва гедонистик (ҳаётнинг мазмун-моҳияти айш-ишрат ва лаззатланишдан иборат, деб ҳисоблайдиган қарашлар тизими) қадриятлар кучайиб, қадимий байрамлар йўқолди. Илгариги қаҳрамонлар тимсоли сўниб, маданий майдонни куч, зўравонлик, беҳаёликни тарғиб этаётган супер қаҳрамонлар эгаллади. Одамлар аждодлардан мерос азалий маънавий қадриятлар таг томири билан юлиб ташлангани, ўсиб-улғайган мамлакат нобуд бўлаётганини кузатишса-да, иложсиз қолишди. “Нима ҳам дердик, бугун бу куй воқеликка айланди: кечаги ҳақиқат бугунги ёлғон билан ўрин алмашди.

“Илгари шарм-ҳаё, уят деб ҳисобланган иллатлар: зино, аборт, эвтаназия (ҳар хил ҳаракатлар ёки қуроллар билан, унинг ичида ҳаётини сунъий йўл билан ушлаб турган асбобларнинг ишини тўхтатиш йўли билан беъморнинг ўз ўлимини тезлатиш ҳақидаги илтимосини қаноатлантириш), суиқасд бутун инсоният эришган ютуқ сифатида баҳоланмоқда, - деб ёзади Бьюкенен “Ғарбнинг ҳалокати” асарида. – Бир вақтлар Нитше қадриятларнинг қадрсизланиши ҳақида фикр юритган эди. Дарҳақиқат, илгариги фазилатлар бугун гуноҳ, гуноҳлар эса фазилатга айланмоқда”.

Бир сўз билан айтганда, Киплинг тасвирлаган “бозор ҳукмдорлари” жинсий майл, шуҳрат, бойлик, ҳокимият билан янги Американинг янги ҳукмдорларига айланди. Нақадар аянчли ҳолат, шундай эмасми? Бу воқеалар бошланганига ярим асрдан ошди. Демократия байроғи кучайган айни паллада айрим Шарқ мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистонда ҳам глобаллашув таъсирида маънавий йўқотишлар бўлмаслигига ким кафолат бера олади? Киносериаллар индустрияси магияси улкан аудиторияни ўз домига тортиб бораётир...

Ҳозирги вақтда Европа мамлакатларидан 17 тасида (Бельгия, Болгария, Венгрия, Германия, Дания, Испания, Италия, Латвия, Литва, Португалия, Россия, Руминия, Словакия, Словения, Хорватия, Чехия, Эстония) ўлим кўрсаткичи туғилишдан кўра анча юқорилаб кетди. Нимага бу аҳвол юз берди? Тарғибот усуллари, ҳаёт тарзи шундай даражага бориб етдики, энди аҳоли, хусусан, ёшлар зурриёт, авлодни давом эттиришдан кўра, енгил-елпи, эркин яшашни ўзига эп кўрди.

2000 йилда Европа аҳолиси 728 миллион кишини ташкил этарди. БМТ демография бўлимининг “Дунё аҳолиси истиқболлари: 2000 йилдаги вазият” маърузасида таъкидланганидек, иммиграцияни ҳисобга олмаганда, туғилиш ҳолатининг ҳозирги даражаси сақланиб қолса, 2050 йилга бориб аҳоли миқдори 128 миллионга камайиб, 600 миллион кишини ташкил этади. Сўнгги бор аҳолининг бу қадар камайиши Европа аҳолисининг учдан бир қисми қирилган 1347-1352 йилдаги “Қора ўлат” эпидемиясида кузатилган бўлса, энди қитъа ундан ҳам хатарли таҳдидга учрамоқда. Ўртача туғилиш даражаси минтақада 1,4 гача тушиб кетди. Ваҳоланки, аҳолининг ҳозирги миқдорини сақлаб қолиш учун бу кўрсаткич камида 2,1 коэффициентга тенг бўлиши шарт. Олимлар бундай аянчли демографик вазият вужудга келишининг сабабларига қизиқишмоқда. Бунинг боиси қуйидагилар: а) давлат барча нарсани зиммасига оладиган жозибали социализм ғояси авлодларни ўзига чорлади; б) давлат нафақаси ҳар бир одамга кафолатлангани учун қариганда суянч бўлгулик фарзандларга ҳожат қолмади; в) иқтисодий жиҳатдан ўзини эркин ҳис қилиши учун етарли миқдорда даромад топадиган аёл учун турмуш қуриш чинакам ҳаётий мақсадга айланмади. Оқибатда 1980 йиллардан бошлаб, оила институти емирилди. Бу эса Европанинг емирилишига сабаб бўлмоқда. Германияда туғилиш даражаси 1,3 коэффициентга тушди, аҳолининг учдан бир қисми 65 ёшдагилардир. Буюк Рим Авлиё Пётр ибодатхонасини бунёд этган, Данте ва Микеланжело, Колумб ва Галилейни вояга етказган Италияда бир аёлга ўртача 1,2 та бола тўғри келади. Франциско Франко (1892-1975) даврида кўп болали оилалари билан ўрнак бўлган Испания бугунги кунда туғилиш даражаси бўйича Европада энг қуйи поғонани эгаллайди.

Кўп болаликнинг сабабини испанлар икки аср мобайнида араблар истилосида яшаганидан излаш лозимга ўхшайди. Хўш, нима сабабдан европалик аёллар худди ер юзидан қирилиб кетишини қандайдир тушуниб бўлмас итоаткорлик билан тан олгандек, бола туғишдан воз кечмоқда? Бунинг сабаблари қуйидагилар: биринчидан, контрацепция (дори воситалари ёрдамида ҳомиладорликдан сақланиш) усули қўлланилиши Ғарб аҳолисининг икки баробар камайишига олиб келган бўлса, иккинчидан, абортлар кутилмаган болаларга қарши ўзига хос “иккинчи ҳимоя чегараси”га айланди. Сўнг абортлардан ҳам ваҳшийроқ янги усул – ҳомиладорликка қарши препарат кашф этилди. Кейинчалик у тарихчилар томонидан “Американи ҳалокат ёқасига олиб келган оғу”, деб баҳоланди. Бу препаратлар 1960 йили сотувга чиқарилди. 1963 йилда Америка аёлларининг 6 фоизи доктор Рок кашф этган доридан фойдаланса, 1970 йилда уларнинг сони 43 фоиз, 2000 йилда эса 60 фоизга етди. Католик черкови бу дорининг қўлланишига кескин қарши чиқди. Папа Павел VI нинг махсус фатвоси билан туғишни сунъий равишда тўхтатиш орқали назорат қилиш, ҳомиладорликка қарши дориларни қўллаш катта гуноҳ эканини эълон қилди. Бунга қарши 1973 йилда судья Блэкман аёлларнинг аборт қилиш ҳуқуқи мамлакат Конституциясида кафолатланганини судда тасдиқлади. Ана шу машъум қарордан кейин ҳозирги вақтгача АҚШда ҳаммаси бўлиб 45 миллион аборт қилинган. Бугун 35 фоиз ҳомиладор аёллар шундай йўлни тутмоқда.

Бизнингча, АҚШ ва Европа мамлакатларида оила институтининг нураб боришида инсон ва дин ўртасидаги муносабатлар сусайганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Дин инсоннинг ўзини ўзи англаши, маънавиятли ва маърифатли бўлишида катта аҳамият касб этади. Европаликларнинг диндан бегоналашиши барча кулфатларнинг дебочаси бўлди, дейишга асослар мавжуд. Америка жамоатчилик фикри институти (Gallup)нинг 2009 йилда 114 та мамлакатда ўтказган натижаларига кўра, “Дин сизнинг кундалик ҳаётингизда муҳим ўрин тутадими?” деган саволга мусулмон давлатларининг кўпчилиги “ҳа”, деб жавоб берган бўлса, Европа давлатларида кўрсаткич 25 фоизни ташкил этади. Демак, 70-75 фоиз аҳоли динга ишонмайди, эътиқод қилмайди, оилани муқаддас, деб билмайди.

Муқаддас ислом динимизнинг қоидаларига биноан, динга чинакамига эътиқод қилувчи мўмин кишилар ҳар қандай оғир, машаққатли синовларга дош беради, зурриёдини давом эттиради, бола тарбиясини ота-оналик бурчи, инсоний вазифаси, деб билади.

Ҳозирги ахборот, технологиялари ва мураккаб глобаллашув шароитида оила институтини омон сақлаш – миллатимизнинг ҳаёт-мамоти, қисмати масаласига айланган. Мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш мақсадида 2020 йил февралида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Ғарб ва Шарқнинг оилавий анъана ва қадриятлари бир-биридан анча фарқ қилади. Биз болажон, оилапарвар халқмиз. Ўз навбатида, шуни унутмаслик лозимки, бугунги глобаллашув замирида гегемонлик мавжуд. У жадаллашиб борган сари миллий маънавиятга, жумладан, оилага нисбатан хавф-хатар ва таҳдидлар ошиб бораверади. Шундай экан, таълим-тарбия, оила ва анъаналар тизими сифатини ошириш ҳамда уларнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш барча синов ҳамда имтиҳонлардан омонликда ўтишнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Бахтиёр ОМОНОВ,

сиёсий фанлар доктори, Тошкент ахборот технологиялари университети.