Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кексалар ҳам пенсия, ҳам ойлик олишади, ёшлар эса ишсиз

Аввало, айтиб қўяй. Мен ҳам пенсия ёшидаги кишиман. 40 йиллик педагогик стажим бор. Лекин ҳозир ишламаяпман, пенсиядаман.

Бизнинг Пайариқ, Челакдаги поликлиникаларимизда эса кексайиб қолган бўлса-да ишлаётган врачларни кўраман. Тўғри, ҳозир мактаб ва бошқа ташкилотларда ҳам бундай ходимлар кўп. Чунки, давлатимиз ишловчи пенсионерларга маошни ҳам, пенсияни ҳам тўлиқ олиш учун имконият яратиб қўйди. Бундан хурсанд бўлиш керак, аммо бу имтиёзни суиистеъмол қилиш ярашмайди-да.

Майли, мутахассис етишмаса, кадрларга эҳтиёж катта бўлса, пенсионерларнинг ишлаб тургани маъқул. Лекин бугун кўплаб ёшлар олий ўқув юртларини битириб ёки сиртқи, кечки таълим шаклларида ўқиб мутахассис бўляпти. Уларга иш жойлари керак. Бугун эса диплом олганларнинг кўпчилиги иш тополмаяпти. Мана шундай пайтда пенсиядаги ходимдан кўра, ёшларни ишлатиш керак эмасми? Айримлар “ёшларда тажриба йўқ”, дейиши мумкин. Пенсиядагилар ҳам тажриба билан ишга келмаган-ку, ишлаб тажриба орттирган. Ёшларга имконият берилса улар ҳам тез орада малакали мутахассис бўлишига шубҳа йўқ.

Барот Холмуродов,

Пайариқ тумани.