Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кимёгарлар шаҳарчасидаги боғча ва новвойхона табиий газдан ноқононуний фойдаланганлиги аниқланди

Вилоят прокуратураси Самарқанд шаҳар Кимёгарлар шаҳарчасида жойлашган 2 та объект ноқонуний тарзда табиий газдан фойдаланаётганлиги ҳақидаги хабар юзасидан расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган Кимёгарлар шаҳарчасида жойлашган 115-сонли мактабгача таълим муассасаси ва шу ҳудудда жойлашган новвойхона табиий газдан ноқонуний фойдаланаётганлиги тўғрисидаги хабар жойига чиқилган ҳолда ўрганилди.

Ўрганишда табиий газ босими паст бўлганлиги сабабли босимни кўтариш ва бино хоналарини иситиш мақсадида Нурли келажак маҳалласи ҳудудида жойлашган 115-сонли МТМга кирувчи табиий газ қувуридаги газ ҳисоблагич муҳрлари бузилмаган ҳолда ўзбошимчалик билан сунъий газсўрғич (насос) ўрнатилиб, табиий газдан фойдаланаётганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан қонуний чора кўриш мақсадида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, газсўргич асбоби тармоқдан узилди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳар Шукрона маҳалласида жойлашган О.Орзиевга тегишли бўлган новвойхона табиий газ тармоғига қонуний уланганлиги ҳамда 2020 йил 20 октябрдан буён газ босими паст бўлганлиги сабабли фаолият кўрсатмасдан келаётганлиги аниқланди.