Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коронавирусдан қандай қутулдим? Тузалганлар бошларидан кечирганларини сўзлаб берди

Вилоятимизда коронавирусдан соғайган кишилар билан суҳбатлашарканмиз, аксарияти касалликдан фориғ бўлишларида дори-дармон билан бирга тиббиёт ходимларининг далдаси, ширин сўзи ҳам муҳим ўрин тутганлигини таъкидлади.

Б.Азизов, Самарқанд шаҳри:

- Ўзим ярим жон бўлганим учун касалликни юқтирганим ҳақида эшитгач, руҳан чўкиб қолдим. Сабаби, 1-гуруҳ ногирониман, доимий равишда гемодиализ олиб туришга мажбурман, буйрак етишмовчилиги хасталиги билан яшайман. Бу хасталикни енгиб ўта оламанми-йўқми, тўғриси, кўпроқ шуни ўйлаб сиқилардим. Даволанишга келганимда шифокорларнинг далдаси кўнглимни кўтарди. Аммо барибир шубҳам бор эди. Сабаби, хасталикни жуда оғир ўтказдим. Бошимда, бурун, томоғимда кучли оғриқни енгиб ўтишимга тўғри келди, ўзимни ҳолсиз ҳис қилдим. Нафақат вирусни даволаш, балки менда мавжуд сурункали хасталик муолажаси учун мутахассислар жалб этилди. Шукур, ҳозир анча яхшиман, аммо ҳалиям ҳолсизлик бор. Эндиликда иммун тизимимни яхшилаш учун қўшимча муолажалар олаяпман.

Л.Бердиева, Самарқанд шаҳри:

- Тиббиёт муассасаларидан бирида ҳамшира бўлиб ишлайман. Коронавирусга чалинган бемор аниқлангач, шифохонамиздаги тегишли мутахассисларнинг барчаси карантинга олинди. Уларнинг ичида мен ҳам бор эдим. Қатъий қоидаларга риоя қилганим учун оила аъзоларимга касаллик юқмади. Қолаверса, ўз вақтида карантинга олиниб, дарҳол тест синамалари ўтказилгани учун уни эртароқ аниқлаш имкони бўлди. Шунинг учун ўзимда касаллик аломатлари ҳали сезилиб улгурмасиданоқ даволаш чоралари кўрилди. Тиббиёт ходими бўлсам-да, бундай пайтда шифокорларнинг руҳий далдаси қанчалик муҳим эканлигини яна бир карра англаб етдим.

Дарвоқе, 2 июнга қадар вилоятимиздаги 362 нафар беморнинг 281 нафари соғайди.

Шу йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, касаллик юқтирганларнинг 45 нафарини тиббиёт ходими, 42 нафарини вақтинча ишсизлар, 36 нафарини вояга етмаганлар, 10 нафарини солиқ ходими, 6 нафарини банкирлар, 5 нафарини газ таъминоти корхонаси ходими, 2 нафарини етказиб бериш хизмати билан шуғулланганлар ташкил этмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 79 нафар бемор даволанмоқда.

Гулруҳ МЎМИНОВА.