Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коронавируснинг “британча штамми”ни аниқлаш жараёни қандай кечди?

Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, Ўзбекистонда олимлар коронавируснинг “британча штамми”ни аниқлаш жараёнини йўлга қўйди.

Бу ҳақда вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази директори ўринбосари, профессор Алишер Абдуллаев қуйидагича маълумот берди:

– “Британча штамм”ни генетик аниқлаш жараёнига тахминан 5 кун вақт сарфланди. Бу жараён анчайин мураккаб бўлиб, ҳар бир босқичини алоҳида назорат қилиш талаб этилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу усул, яъни махсус праймерлар марказимиз олимлари томонидан мустақил равишда яратилган.

Шу кунгача марказимиз томонидан “Британия штамми” мавжудлиги эҳтимоли бўлган COVID-19 вируси аниқланган 33 нафар беморнинг бурун бўшлиғидан олинган суртмалар текширилди. Биринчи босқичда барча тақдим этилган намуналарнинг коронавирус РНКси ДНК шаклга ўтказилди. Сабаби, вирус РНК шаклда бўлиб, у билан ишлаш учун уни аввал ДНК шаклга ўтказиш талаб этилади.

Иккинчи босқич – Real Time PCR реакцияси ёрдамида “британча штамм”нинг маркер мутацияси скрининги ўтказилди. Бу усул ҳам бизнинг олимларимиз томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, илк бор реал беморлар таҳлилида қўлланилди. Бир пайтнинг ўзида бу усулни оптималлаштиришимизга тўғри келди ва бир қатор такрор тажрибалар ўтказиб, хатога йўл қўймаганимизни текширдик. Айнан мана шу босқичда биз шубҳали намунани аниқладик, аммо мазкур намунунада “британча штамм”га хос бўлган қатор бошқа мутациялар ҳам мавжуд эканига ишонч ҳосил қилишимиз керак эди.

Сўнгра намунани секвенлашга (генларнинг ДНК кетма-кетлигини аниқлашга) тайёрладик. Бунинг учун коронавирус геноми участкалари сунъий шароитда кўпайтирилиб, тозаланади. Бу энг қийин жараён ҳисобланади, негаки бир қатор реакциялар қўлда амалга оширилади. Кейин эса ДНКнинг қайта ишланган ва тайёрланган бўлаклари аппаратга – секвенаторга жойланади ва бевосита генетик таҳлили қилинади.

Секвенлаш ишлари SeqStudio (Applied Biosystems, USA) ген анализаторида амалга оширилди. Мазкур ускуна марказимиз томондан бир неча ой аввал айнан коронавируснинг генетик кетма-кетлигини аниқлаш мақсадида харид қилинганди, илк натижалар ўтган йил ёзда эълон қилинган. “Британча штамм”ни аниқлаш учун вирус штаммининг ORF1ab кодланган ҳудуди мутациялари ва S гени мутациялари мақсадли участка сифатида танлаб олинди.

Шу ўринда биз битта эмас, балки ҳар бир мутация учун алоҳида таҳлиллар ўтказганимизни таъкидлаш жоиз. Бу синовлар илк бора амалга оширилаётгани учун хатога йўл қўймаслик ўта муҳимлигини эътиборга олиш лозим.

Ва сўнгги босқич, бу – натижаларни компьютерда қайта ишлаб, халқаро маълумотлар базасидаги кетма-кетликлар билан солиштириш бўлди. “Британча штамм”га хос қатор мутациялар мавжудлиги тасдиқланганидан кейингина, маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилди.

Муаттар Бурҳонова, ЎзА