Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Лукашенко Путин билан учрашиш учун Россияга етиб келди

Беларусь президенти Александр Лукашенко амалий ташриф билан Россия Федерациясига етиб келди. Беларусь раҳбарининг самолёти Сочи шаҳри аэропортига келиб қўнди. Бу ҳақда Sputnik Беларусь нашри хабар берди.

Сочи шаҳрида Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ва Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенко ўртасида учрашув бўлиб ўтади. Музокаралар “яккама-якка” форматда ўтказилади. Журналистлар иштирок этмайди.

Беларусь раҳбарининг Россияга ташрифи 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловларидан кейинги илк расмий хорижий сафари сифатида қайд этилмоқда.

Вазият юзасидан Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская Россия етакчиси Владимир Путинга мурожат йўллади. Тихановскаянинг сўзларига кўра, Сочида бўлиб ўтаётган учрашув чоғида Александр Лукашенко билан эришилган ҳар қандай келишув ва шартномалар ҳеч қандай кучга эга бўлмайди. Сабаби, Лукашенко мамлакатнинг қонуний президенти ҳисобланмайди. У мухолифат ҳукумат тепасига келган тақдирда Сочида эришилган келишув ва шартномаларнинг қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз. 9 август куни бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, Александр Лукашенко ғалаба қозонди. Бироқ расмий сайлов натижаларидан норози бўлган беларусликлар бир ойдан кўп вақтдан буён норозилик намойишларига чиқмоқда.