Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маданият вазири журналистларга маълумот берди

Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали матбуот маркази томонидан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев бу йил ўн иккинчи марта ўтказилаётган фестивалнинг кеча ўтказилган тантанали очилиш маросими, иштирокчилар ва уларнинг танловда қатнашиши, тадбир доирасидаги маданий дастурлар ҳақида маълумот берди.

 – Бугунги кунда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали дунё миқёсидаги нуфузли санъат анжуманига айланди, – деди Б.Сайфуллаев. – Бу йилги фестивалимизда 75 давлатдан 340 нафар вакил иштирок этмоқда. Жумладан, кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган фестивалнинг тантанали очилиш маросимида мусиқа ва санъат аҳли билан бирга кўплаб халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ўндан ортиқ хорижий давлатлар маданият вазирлари, шаҳарлар мэрлари, сенатор ва депутатлар қатнашди. Анжуманнинг нуфузли меҳмонлари қаторида ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хонимнинг маросимда қаташиши ва иштирокчиларни табриклаши ҳам фестивалнинг аҳамияти қанчалик юксак эканлигидан далолат беради.

Фестиваль танлов дастурларида эса 32 давлатдан мусиқий жамоа, хонанда ва созандалар қатнашади. Улар орасида Аргентина, Мьянма давлатлари ва Фужи ороллари вакиллари “Шарқ тароналари”да илк бор иштирок этмоқда. Бугун кеч соат 19.00 дан Регистон майдонидаги асосий саҳнада танлов жараёнлари бошланади. Жамоаларнинг чиқишлари Самарқанд вилояти телерадиокомпанияси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги кўчаларда ўрнатилган катта мониторларда намойиш этилади.

Танлов иштирокчиларининг чиқишлари бу йил икки йўналиш – профессионал тарздаги халқ мусиқа ва қўшиқлари ҳамда анъанавий йўлда ижод қилинган замонавий мусиқа ёки қўшиқ йўналишларида баҳоланади. Уларни етти нафар халқаро ҳакамлар ҳайъати баҳолаб боради. Ҳайъат таркибида Ўзбекистондан таниқли бастакор Ойдин Абдуллаева ҳам бор.

Бу йил фестиваль Гран-При соҳибига 10 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади. Иккита биринчи ўрин эгалари 5 минг доллардан, иккита иккинчи ўринни эгаллаганлар 3,5 минг ва учта учинчи ўринга сазовор бўлган иштирокчилар 2 минг доллардан мукофотни қўлга киритади. Шунингдек, “Энг ёш иштирокчи”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси” каби номинацияларда ҳам ғолиблар махсус диплом ҳамда 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Фестиваль иштирокчилари танлов дастуридан бошқа вақтларда Самарқанд шаҳрида ҳамда Оқдарё, Самарқанд, Пастдарғом, Тойлоқ, Ургут ва Жомбой туманларидаги истироҳат боғлари, маданият муассасаларида ижодий учрашувлар, концертларда қатнашади.

30 август куни кечки пайт Регистон майдонида фестиваль ғолибларини тақдирлаш маросими ва гала концерт уюштирилади.

Фестиваль жараёнларини маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан бирга 20 хорижий давлатдан келган журналистлар ҳам кенг ёритмоқда.

Матбуот анжумани давомида Б.Сайфуллаев ва фестивалга масъул бошқа шахслар журналистларнинг қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берди.