Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мажбурий меҳнатга йўл қўйганлар жавобгарликка тортилди

Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга жалб қилиш Меҳнат кодексининг 7-моддаси билан тақиқланган. Аммо таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, мактаб ўқувчилари ва талабаларни ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига, мавсумий қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилиш ҳолатларига чек қўйилмаяпти.

Самарқанд вилоят бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси қонунчилик талабларига риоя этмаётган ташкилот ва муассасалар мансабдор шахсларига нисбатан тегишли чораларни қўлламоқда.

Жумладан, Самарқанд ветеринария медицинаси институтида талабаларни, Тойлоқ туманидаги 5-сон мактабгача таълим муассасаси ходимларини, Булунғур туманидаги 48, Каттақўрғон туманидаги 41 ва 55-умумтаълим мактабларида ўқувчиларни ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб қилганликлари учун ушбу муассасалар раҳбарларига маъмурий жарима қўлланилди.

- Юртимизда мажбурий меҳнатга жалб қилиш тақиқланганига қарамасдан бу каби салбий ҳолатларга йўл қўяётган раҳбарлар ҳам учрамоқда, - дейди вилоят бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Орифжон Сувонқулов. – Уларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-банди ҳамда 51-моддасига мувофиқ турли миқдордаги жарималар қўлланилди. Ўтган йили бу каби 138 та салбий ҳолат аниқланиб, 16 миллион 330 минг сўм жарима қўлланилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 16 ҳолатда мансабдор шахсларга 7 миллион 261 минг сўм миқдорида жарима белгиланди. 

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-бандига мувофиқ мансабдор шахслар томонидан меҳнат қонунчилиги талаблари бузилганлиги учун Самарқанд давлат университетининг 2 нафар жавобгар шахсига ҳам энг кам иш ҳақининг 3 баробари миқдорида жарима қўлланилди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.