Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мактаб ўқувчилари фан олимпиадасида нега ўрин ололмади?

Тошкент шаҳрида академик лицейлар, касб-ҳунар коллежи ва умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича бўлиб ўтган республика олимпиадасининг IV босқичида минг нафардан ортиқ йигит-қизлар билимини синовдан ўтказди.

Олимпиадада вилоятимиздаги академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг энг билимли деб топилган 41 нафар ва умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олаётган 46 нафар ўқувчилар ҳам иштирок этди.

Танловда ғолибликни қўлга киритган 53 нафар ўқувчига дипломлар, олий таълим муассасаларига тест синовларсиз ҳамда қўшимча имтиҳонларсиз кириш имтиёзини берувчи гувоҳнома топширилди. Улар орасида вилоятимиздаги академик лицейларда таҳсил олаётган 3 нафар ўқувчи ҳам бор.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти академик лицейи ўқувчиси Ислом Воҳидов кимё фани бўйича, Самарқанд давлат университети академик лицейи ўқувчиси Нилуфар Абдураимова ўзбек тили ва адабиёти (таълим рус тилида) фанидан 1-ўринни ҳамда шу фан бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Самарқанд филиали академик лицейи ўқувчиси Шаҳруз Ҳамитов 3-ўринни қўлга киритди.

Вилоятимиздаги лицейлар сонини олганда бу яхши кўрсаткич, албатта. Аммо умумий ўрта таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчилар орасидан 46 нафар йигит-қизнинг биттаси ҳам ҳеч бўлмаганда 3-ўринга муносиб деб топилмаганини тушуниш қийин. Ваҳоланки, улар 1200 дан ортиқ мактабнинг минглаб ўқувчилари орасидан саралаб олинган, бир нечта босқичлардан ўтиб келган.

Сайтимизни кузатиб боринг, бу ҳақда мутасаддиларнинг фикрини баён қиламиз.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.