Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Марҳумнинг оила аъзолари даъво иши очишни истамаса-да, суд ҳайдовчига нисбатан айблов эълон қилди

Аширали Пўлатов “Нексия” автомашинасида Навоий шаҳрига бориш учун йўлга тушди. Пахтачи туманининг Болтали маҳалласи ҳудудидан ўтган “Самарқанд – Бухоро” автомагистрал йўлида кетаётганида 200 метрлар узоқликда велосипед етаклаб, йўлни кесиб ўтаётган йўловчини кўрди. Айни кун ботиш вақтида қуёшнинг нурлари ҳайдовчининг кўзини қамаштирди. У йўловчи йўлни кесиб ўтишга улгурди, деб ўйлади ва тезликни пасайтирмади.

...Аммо тасаввури унга панд берди. Автомашинанинг олд ўнг томонига бир нарса қаттиқ урилди ва юқори тезликда кетаётган машина остига тушди. У машинани тўхтатди-ю, бир зум карахт бўлиб қолди: йўлни кесиб ўтаётган киши ерда юзтубан ётарди.

Аширали тезда ўзини ўнглаб, унга ёрдам беришга шошилди. Орадан 15 дақиқа ўтар-ўтмас тез ёрдам автомашинаси келиб, жабрланувчини Пахтачи тумани марказий шифохонасига олиб кетди. Аммо кўп ўтмай у вафот этгани маълум бўлди.

Саноқли сонияларда юз берган бу ҳодиса бир инсонни ҳаётдан олиб кетди. Аширали қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлди, виждони қийналди. Марҳумнинг оила аъзоларидан чин кўнгилдан кечирим сўради. Уларга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлади. Марҳумнинг оила аъзолари Аширалига нисбатан даъво иши очишни истамади. Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқарони ҳимоясига олган ҳолда қонуний даъво билан чиқиб, Аширалига нисбатан айблов эълон қилди. 

Суд ушбу иш юзасидан барча ҳолатларни ўрганиб, айбдорга қонун талабларидан келиб чиқиб жазо тайинлади.

Сиртдан қараганда, содир бўлган бу фалокат - йўл транспорт ҳодисаси бўлиши мумкин. Аммо воқеа оқибатида ҳалок бўлган марҳумнинг яқинлари учун бу катта фожиа эканини унутмаслигимиз лозим. Афсусланарлиси, оддийгина эҳтиётсизлик бир инсоннинг умрига зомин бўлди.

А.АКРАМОВ,

жиноят ишлари бўйича Пахтачи тумани суди раиси.