Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мавлоно Румий пойидаги ўйлар

Аввал хабар қилганимиздек, яқинда Туркиянинг Кўния шаҳрида Мавлоно Жалолиддин Румий хотирасига бағишланган “Шаби Арус” халқаро фестивали бўлиб ўтди. Ушбу фестивалда иштирок этган самарқандлик ёзувчи ва журналист Каримберди Тўрамурод бизга Жалолиддин Румий ҳазратлари ётган табаррук масканни зиёрат қилгани ва зиёрати чоғида ўқиган ва эшитганлари ҳақида ёзиб, бизга жўнатди. Қуйида унинг Мавлоно Жалолиддин Румийнинг устози, отаси ва ўғли билан яқинроқ таништиришни ифода этган мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Мавлононинг устози

Шамсиддин Муҳаммад ибн Али Маликдод Табризий машҳур озарбайжон шоири ва донишманди, ўз даврининг донгдор сўфийларидан биридир. Унинг таржимаи ҳолига доир манбалар жуда кам ва бори ҳам сиру-синоатга тўла. Уни Озарбайжон шоҳлари авлодидан, дейишади. Кейинчалик Аллоҳ ишқида дарвишликни ихтиёр қилган донишманднинг фаолияти, айниқса, қолдирган адабий мероси унинг юксак билимларни эгаллаганидан далолат беради.

Шамсиддин Табризий ўта билимдонлиги ва қобилияти боис ёшлигиданоқ “Муршиди комил” номини олган эди. У ғайриоддий чиройи ва руҳи тозалиги билан ажралиб турган. Табризийнинг умри сафарларда ўтган ва карвонсаройлардагина тўхтаган.

Ривоят қилишларича, инсон Ҳаққа етказадиган барча илмга эга бўлган Шамс ўз қуёшини “кўчириб ўтказиш”, кейинчалик у орқали бутун инсониятга нур сочиш учун муносиб шогирд қидирган. Шундай ўқувчини беришни Аллоҳдан сўраган. “Эвазига нима берасан?” деган овозга “Ҳаётимни”, деган. Ва илоҳий ишора билан Табризий Кўнияга йўл олган.

“Икки денгиз”нинг учрашуви эса 1244 йилнинг кузида содир бўлган. Бир йиғинга дабдаба билан кетаётган Жалолиддинни учратган Табризий савол билан мурожаат қилади:

– Айт-чи, кимнинг мартабаси юқорироқ, Муҳаммад алайҳиссаломми ёки Боязид Бистомийми?

“Султон ал-орифин” тахаллусини олган Бистомий X асрда яшаган зоҳид, сўфий пешволардан. У “Илон ўзининг пўстини ташлагандек, мен ўзимни улоқтириб ташладим. Ўз моҳиятимга назар солдим ва, оҳ, мен У бўлдим!” деган.

Жалолиддин ажабланиб, жавоб беради:

– Албатта, Муҳаммад (с.а.в.) баланд!

Ана шунда Шамс ўзининг асосий саволини берган:

– Нима учун унда Муҳаммад алайҳиссалом: “Менинг юрагимни занг босади ва мен ҳар куни етмиш маротаба Раббимга тавба қиламан!” дейди-ю, Боязид эса: “Мен ўзимни барча номукаммал сифатларимдан тозаладим ва баданимда Худодан бўлак ҳеч нарса йўқ. Мен шарафланганман, о, қанчалар менинг мартабам буюк”, деган?

– Муҳаммад (сав) ҳар куни етмиш манзилни ўтар эди ва ҳар сафар янги босқичга етгач, ўзининг олдинги босқичдаги номукаммал билимидан ўкиниб, тавба қиларди. Боязид эса ўзи етган бирдан бир манзилнинг улуғлиги билангина ўзидан кетиб қолди ва гумроҳликка берилиш боис ушбу сўзларни айтди, – деб жавоб беради Жалолиддин.

Шамс ушбу жавобни эшитган заҳоти ҳушидан кетиб ерга йиқилади. Шундан кейин Жалолиддин бу ғалати одам билан яқин муносабатда бўлади ва унинг дунёқарашида жиддий ўзгаришлар ярата олган Шамсиддин Табризий билан суҳбати бетиним уч ой давом этади. Шундан сўнг оламга бутунлай янги бир Жалолиддин кириб келгандек бўлади.

Кўнияда икки Шамс учрашган жойда ёдгорлик ўрнатилган (суратда).

Икки дўстнинг буюк хизмати шу эдики, улар Инсониятга Инсонни очиб бердилар. Улар бўлмаганида Ўрта Осиёдан Арабистонгача, Индонезиядан Африкагача бўлган ҳудуддаги миллионлаб инсонлар бутунлай бошқача ўйлаётган бўлар эдилар.

Бу вақтда отаси Баҳоуддин Валаддан қолган ишларни давом эттираётган, мударрислик қилаётган Жалолиддин ўзининг ҳамма илмий ишларини йиғиштириб қўяди. Мударрисликдан ҳам воз кечади. У ўзининг ҳис-туйғуларига эрк бериб, Шамсиддин Табризий билан қўшиқ айтиб, рақс тушиш, ғазал битиш, мусиқа тинглаш билангина машғул бўлади.

Ўша пайтда Жалолиддиннинг шогирдлари Табризийга тазйиқ қила бошлашади. Оқибатда Табризий Дамашққа кетади. Дўстидан айрилган Жалолиддин телба бўлиш даражасига етади. Шунда дўстлари унинг ўғли Султон Валиддан Табризийни топиб келишни сўрашади. Уч ойлик йўлда Табризий минган уловнинг жиловини тутиб келган Султон Валид ҳам ундаги кўп илмлардан баҳраманд бўлади ва отаси нега бу зотга бунчалик катта муҳаббат қўйганини англайди.

Табризий қайтгач, Мавлоно ундан бир лаҳза ҳам ажралмайди. Ўзининг қизи Кимёни унга никоҳлаб беради. Аммо “рашкчи шогирдлар” уни ўлдирадилар...

Дўстини абадий йўқотган Мавлоно “Шамси Табризий девони”ни ёзади ва шоир бўлиб, устозини ўзида қайта тирилтиради. Кейинчалик Шамсиддин Табризий бошлаган ишларни поёнига етказган Жалолиддин биз бугун билган Мавлоно Румий бўлиб танилади.

Мавлононинг отаси

Сўфийлик тариқатининг буюк вакили Султон ул орифин Шайх Баҳоуддин Валад чориёрлардан Абу Бакр Сиддиқ зурриёдларидан ҳисобланади. Отаси замонасининг эътиборли алломаси Ҳусайн Хатиб, онаси Алоиддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қизи эди. Баҳоуддин Валад кубравийя тариқатининг асосчиси Шайх Нажмиддин Кубронинг муридларидан бўлган. Баҳоуддин Валад ўз даврининг донишмандларидан ҳисобланган. Унинг “Ал-Маъориф” асари келажакда тасаввуф оламининг энг буюк намояндасига айланган Жалолиддин Румий дунёқараши шаклланишида муҳим рол ўйнаган.

Хоразмшоҳнинг тушига кирган Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Қизингни Ҳусайн Хатибга никоҳлаб бер!” дейдилар. Бу никоҳдан туғилган Валад икки ёшдан илм ола бошлади ва ҳали ёш йигит чоғида Пайғамбаримиз тушида унга Султон ул уламо номини беради. Шунча ғаройиб воқеалар рўй беришига қарамай, ҳасадчилар Хоразмшоҳ билан Баҳоуддин Валаднинг орасида зиддият чиқаради, оқибатда ўзлари истиқомат қилиб турган Балх (Афғонистон)дан чиқиб кетади. Бу вақтда Жалолиддин ҳали беш ёшда эди.

Улар Бағдодда ва тўрт йил Озарбайжонда, етти йил Лоранда (Туркиянинг ҳозирги Қаҳрамон шаҳри)да тургач, Кўния султонлиги ҳукмдори, илм, маърифат ҳомийси Аловуддин Кайқубод таклифи билан Кўнияга келишади. Бу вақтда Жалолиддин вояга етиб, ўн саккиз ёшида уйланган ҳам эди.

Баҳоуддин Валад Кўния мадрасасида мударрислик қилди. Атрофида минглаб муридлар, шогирдлар пайдо бўлди. Аслида, биз билган мавлавийлик тариқатининг ибтидоси Баҳоуддин Валаддан бошланган эди, десак хато бўлмайди. Зеро, Баҳоуддин Валаднинг муридларига раҳнамо бўлиб қолган Жалолиддин ўша мактаб асосида ўзининг халқасини тузган эди.

Баҳоуддин Валад 73 ёшида (1231 йил 12 январда) вафот этади.

(Орқадаги, чап томондаги қабр Баҳоуддин Валаднинг қабри.)

Мавлононинг ўғли

Сизу биз билган Мавлавийлик тариқати аслида Баҳоуддин Валаддан ибтидо олиб, пойдевори Жалолиддин Румий томонидан барпо қилинган бўлса-да, бу тариқатнинг асосчиси Мавлоно Румийнинг ўғли Султон Валад ҳисобланади.

Султон Валад 1226 йил 24 апрелда Кичик Осиёнинг Лоран (ҳозирги Туркиянинг Қаҳрамон) шаҳрида туғилди. Онаси Хуросондан келган Шарафиддин Самарқандийнинг қизи Гавҳар хотун эди. Султон Валад илк сабоқни ҳали кичкиналигиданоқ отасидан олган бўлса, кейинчалик Шамсиддин Табризийдан сўфийлик таълимотини ўрганди. Шомда таҳсил олди. Унинг салоҳияти юксалишида Ҳисомиддин Чалабийнинг ҳиссаси ҳам катта. Кейинги етти йил Шайх Каримуддин ибн Бектемурга мурид бўлди. Аммо отасининг устози Табризий фожиаси такрорланишидан қўрқиб, унга муридлигини сир тутди.

Султон Валад отасининг сўнгги нафасигача бирга бўлди. Отасининг вафотидан сўнг дўстлари унинг ўрнини эгаллашини сўрашди, аммо Мавлоно ўз ўрнига Ҳисомиддин Чалабийни тайин қилгани учун рад қилди. Орадан ўн бир йил ўтиб, Чалабий дунёдан ўтгачгина отаси тузган халқага бош бўлди. Улардан мавлавийлар жамоасини тузди. Қонун-қоидалари Мавлоно томонидан яратилган бу жамоа негизида Мавлавия тариқати шаклланди. Тариқатни тарқатиш мақсадида турли ҳудудларда ўз халифаларини тайин қилди. Уни салжуқий ҳукмдорлар ҳам, турк султонлари ҳам, ҳатто чингизий ҳукмдорлар ҳам қўллаб-қувватлади.

Султон Валад 86 ёшида 1312 йилнинг 11 ноябрида Кўнияда вафот этди ва отасининг бош томонига дафн этилди. (Маълумот учун: Мавлоно Румий ҳам оталарининг бош тарафига дафн этилган.)

Султон Валаддан катта илмий мерос қолган - 12719 байтдан иборат “Девон”. Девондаги ғазалларнинг аксари Мавлононинг ғазалларига тақлидан ёзилган, 10 ғазал туркча, айрим байтлар отаси ёзганидек, грекча, қолгани форсий тилда. Мавлононинг “Маснавий”сига тақлидан ёзилган “Ибтидонома”, “Рубобнома”, “Интиҳонома” каби маснавий китоблари ва бобоси Баҳоуддин Валадга тақлидан ёзилган “Маориф”, шунингдек, “Ишқнома”, “Эътиқод рисоласи”, “Тарошнома” каби асарлари ҳам қадрли.

Каримберди ТЎРАМУРОД,

Кўниядан Zarnews.uz сайти учун махсус.