Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мулк ҳуқуқини эътироф этишда камчиликларга йўл қўйилган

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида” Фармонига кўра, фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур акция доирасида Самарқандда яшовчи фуқаролар томонидан давлат хизматлари марказига 28 минг 780 та ариза келиб тушган. Айни пайтда ушбу аризаларнинг 19 минг 695 таси (68,4 фоизи) ўз ечимини топган.

Вилоят ҳокимлигида мазкур масала муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда акция доирасидаги ишларни тезкор амалга оширишда жойларда хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганлиги танқид қилинди. Жумладан, мутасаддилар томонидан Самарқанд шаҳрида 1793 та, Самарқанд туманида 1414 та, Ургут туманида 1392 та, Иштихон туманида 947 та, Паст Дарғом туманида 848 та, Қўшработ туманида 684 ва Оқдарё туманида 455 та аризаларни кўриб чиқиш муддатлари кечиктирилган.

Ушбу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш мақсадида туман ва шаҳарлар ҳокимлари, ер ресурслари ва давлат кадастри идоралари, адлия бўлимлари, экология ва атрофни муҳофаза қилиш ва давлат солиқ инспекциялари, давлат санитария эпидемиология-назорати марказлари, қурилиш ва давлат ёнғин назорати органларига зарур кўрсатмалар берилди.

Эндиликда мазкур масалани вилоят ҳокимлигида ҳар ҳафта муҳокама этилиши белгиланди.