Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Музлатилган ҳайвонот боғи

Биологлар ҳайвонларнинг оммавий қирилишини (ҳисоб бўйича олтинчи) башорат қилишмоқда. Айримларнинг эса бу жараён бошланганига имонлари комил. Аммо бу табиий сабабларга кўра эмас, инсон фаолияти оқибатида рўй бермоқда. Кейинги 500 йил давомида бу омил туфайли ҳайвонларнинг 844 тури қирилиб кетди. 2100 йилга бориб ҳозирда мавжуд турларнинг ярми қирилиб битади, деган тахмин бор.

Бу жараённи секинлаштириш, турларни сақлаб қолиши мумкинми? Американинг Сан-Диегодаги машҳур ҳайвонот боғида ана шу саволга жавоб қидириляпти. Бу ерда энг катта ҳажмда “музлатилган ҳайвонот боғи” коллекцияси бор. Унда 10 минг маданий тирик ҳужайраларнинг бебаҳо генетик материаллари сақланмоқда. Улар салкам мингта тур намуналаридир. Булар тухумлар, уруғлар, эмбрионларнинг ҳужайралари бўлиб, махсус идишларда, суюқ азотда музлатилган.

“Ҳайвонот боғи” ходимлари  аллақачон қатор тажрибалар ўтказди. Музлатилган ҳужайраларнинг айрим турлари сунъий уруғлантиришдан кейин авлод берди. Жанубий оқ каркидоннинг 20 йил музлатгичда сақланган тухум ҳужайрасини уруғлантиришга муваффақ бўлинди. Худди шу тарзда қоплоннинг эмбриони ҳам олинди.

Тиллар учун архив

Сайёрамизда нафақат ҳайвонлар ва ўсимликлар, балки ўзининг тили, маданияти билан кишилик элатлари ҳам йўқолиб бормоқда. Экспертларнинг тахминларича, глобаллашув ва устун тилларнинг мустаҳкамланиши таъсирида юз йил давомида 90 % кичик гуруҳ тиллар йўқолади. Улардан кўпчилиги ҳатто ҳужжатлаштирилмаган. Инсониятнинг хилма-хил тиллигини сақлаб қолиш мақсадида тилшунослар “Розетта” лойиҳасини ташкил қилди. Унинг мақсади одамлар фойдаланадиган барча тиллар ҳақида маълумот сақловчи рақамли оммавий кутубхона яратишдан иборат. Тўпланган материаллар ўйиб ёзиш орқали никел дискларга муҳрланади. Ғоя муаллифларининг баҳо беришларича, бундай архив 2 минг йилдан 10 минг йилгача сақланиши мумкин.

“Розетта” дисклари одам кафтига бемалол жойлашади. Унга 15 минг саҳифа матн ўйиб ёзилиши тахмин қилинмоқда. Ҳар бири атиги 400 микрон энликка эга. Уларни ўқиш учун 650 марта катталаштириб кўрсатадиган микроскоп зарур бўлади.

Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.