Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нафақа тайинлашда энди муаммо бўлмайди

Бугун дунё мамлакатлари коронавирус пандемиясига қарши жиддий кураш олиб боряпти. Вируснинг тезлик билан тарқалиши жаҳон иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайишига, ўз-ўзидан давлатлар иқтисодиёти ва молия тизимига салбий таъсир кўрсата бошлади. Доимий даромадга эга бўлмаган, кам таъминланган оилалар қийинчиликларга дуч келмоқда.

Ана шундай мураккаб шароитда юртимизда ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотлари нархи ошишига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриляпти.

Очиғи, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар нафақа олиш учун ҳафталаб, ойлаб чопишига тўғри келади. Бу борадаги меъёрий ҳужжатларда жуда кўп мураккабликлар, айрим чалкашликлар бор. Масалан, ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги аризага оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади. Ушбу ҳужжатлар асосида оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад миқдори аниқлаб чиқилади.

Бу жараёнда оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини текшириш бўйича иш олиб борилади. Шундан кейингина тегишли нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида хулоса тақдим этилади. Хуллас, нафақа олиш учун мурожаат қилган фуқаро унинг югур-югуридан тортиб, текшир-текширигача бўлган жараёндан ўтишга жуда қийналади.

Эҳтиёжманд ҳар бир фуқаро ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Бу, айниқса, ҳозирги мураккаб шароитда долзарб масала. Вақтинча ишламаётган, моддий қийинчиликларни бошидан кечираётган кўплаб оилалар учун ижтимоий нафақа бугун сув ва ҳаводек зарур. Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ёрдамга муҳтож кўплаб оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Фармонга асосан Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлашнинг амалдаги тартибига оилаларнинг ижтимоий нафақа олишга муҳтожлигини баҳолаш тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган бир қатор ўзгартиришлар киритиши керак. Жумладан, ижтимоий нафақа олиш учун ариза билан бирга тақдим этиладиган ҳужжатларни камайтириш, давлатнинг ижтимоий ёрдам чоралари ҳисобланувчи алоҳида трансфертларни оиланинг жами даромадларидан чиқариб ташлаш белгиланди.

Бу тартиб-тамойилни давлатимизнинг халқимиз, фуқароларимизга яна бир ғамхўрлиги деб қараш мумкин. Зеро, бугунги синовли кунларда давлат ва жамият бир-бирини қўллаб-қувватласа, карантин билан боғлиқ чекловлар оғир оқибатларни келтириб чиқармайди.

Шербек БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.