Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Nexia-3» ҳамда «Spark» ҳайдовчиларига чора кўрилди (видео)

Ижтимоий тармоқларда «Бу қандай тартибсизлик, буларга қандай жарималар белгиланади?» изоҳи билан тарқатилган видео юзасидан Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати маълумот берди.

Унда қайд этилишича, йўлнинг қатнов қисмида йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаётига хавф солиб, уларнинг эркин ҳаракатланишига халақит берувчи ҳаракатларни амалга оширган ҳолда, кенг муҳокамаларга сабабчи бўлган «Nexia-3» ҳамда «Spark» русумли автомашиналар ҳайдовчиларига қонуний чора кўрилган.

Маълум бўлишича, ушбу ҳолатни Қибрай тумани Салар шаҳар фуқаролар йиғинида яшовчи Ж.Ҳотамов содир этган. Унга нисбатан Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1285-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ЭКИҲнинг 10 баробари, яъни 2 миллион 230 минг сўм жарима қўлланилди. Автомашина ҳозирда вақтинчалик жарима майдонига қўйилган.

Қолаверса, ушбу ҳайдовчи жорий йил давомида 15 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Ўтган давр мобайнида тезликни ошириши оқибатида 4 маротаба фоторадарларга тушиб, 60 кун муддат ичида белгиланган жарималарни тўламасдан юрганлиги ҳам маълум бўлган.

Шунингдек, видеотасвирдаги «Spark» русумли автомобилга ҳам тегишли чора кўрилган. Ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қарор қабул қилиниши учун Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБга юборилган.