Н.Кулановнинг ижро иши қарздор номида мол-мулк бўлмагани сабаб тамомланган

Кеча, 17 декабрда Zarnews.uz сайтида Нарпай туманида яшовчи фуқаро Нурмурат Кулановнинг “МИБчиларнинг "футбол"идан чарчадим. Қарз бериб, ундиролмай сарсонман” номли мақоласи эълон қилинди.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2020 йил 9 июлдаги қарорига кўра, қарздор А.Санақуловадан ундирувчи Н.Кулановнинг фойдасига жами 23.415.610 сўм ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Нарпай тумани бўлими иш юритувига 2020 йил 29 июлда келиб тушган ва шу куни ижро иши юритуви қўзғатилган.

Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 87-моддасига асосан мутасадди ташкилотлардан олинган маълумотларга кўра, қарздорнинг шахсий эгалигида ундирувга қаратилиши мумкин бўлган мулклари (уй-жой, квартира, бошқа кўчмас мулк объектлари, автомототранспорт воситалари, қимматли қоғозлар, омонат жамғармалари) ва бошқа даромадлари қайд қилинмаган.

Қарздор А.Санақулованинг ижро ҳужжатида кўрсатилган яшаш хонадони бир неча бор холислар иштирокида, тегишли тартибда кўздан кечирилган. Бироқ қарздорнинг хонадонида яшаш эҳтиёжидан ташқари ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулклари йўқлиги аниқланган.

Шу билан бирга, “МИБ–портал” дастури орқали олинган маълумотларда қарздор номида мол-мулклар ва пул маблағлари мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Амалга оширилган ижро ҳаракатлари натижаларига кўра, қарздор А.Санақуловадан ундирувчи Н.Кулановнинг фойдасига ундирилмай қолган қарздорликнинг ундириш имконияти бўлмаганлиги, қарздорнинг яшаш манзилида ва унинг шахсий эгалигида ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулклари мавжуд эмаслиги аниқлангани сабаб, мазкур ижро ҳужжати бўйича ижро иши юритуви 2020 йил 28 октябрда Қонуннинг 40-моддаси, 1-қисми, 3-бандига асосан тамомланган.

Мурожаатни кўриб чиқиш натижалари ҳақида муаллифга асослантирилган жавоб хати юборилиб, келгусида мазкур ижро ҳужжатини Қонуннинг 27-моддасида белгиланган муддат доирасида қайтадан ижрога тақдим этиш хуқуқи борлиги тушунтирилди.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.