Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқувчилар нега қоронғи синфхоналарда ўқимоқда?

Бугун давр талабидан келиб чиқиб, халқ таълимининг барча бўлим ҳамда бошқармаларида асосий эътибор, авваламбор, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилмоқда. Соҳада ютуқлар кўп, афсуски, ечимини кутиб турган муаммолар ҳам кам эмас. Шу боис айни пайтда педагог ўз устида ишлаш, фаолиятидаги бўшлиқларни тўлдириш, мактаб раҳбар-ходимлари эса муассасадаги таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқувчига қизиқарли ва сифатли таълим-тарбия бериш устида изланмоқда. Аммо ушбу фаолиятга тўсқинлиқ қиладиган баъзи камчиликлар ҳам учраб туради...

Ижтимоий тармоқлар орқали Ургут туманидаги айрим умумий ўрта таълим мактабларида иккинчи навбатда ўқиётган ўқувчилар чироқ йўқлиги боис қоронғи синфхоналарда таълим олаётгани ҳақида маълумот тарқалди.

Айтишимиз мумкинки, бугун мазкур туманда 141 та умумий ўрта таълим мактаблари мавжуд бўлиб, уларда 103239 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактабларнинг аксарияти қишлоқларда жойлашган. Ургут тумани халқ таълими бўлими қошидаги эксплуатация хизмати бош муҳандиси Акмал Хурсандовнинг таъкидлашича, ҳақиқатан ҳам тумандаги умумий ўрта таълим мактабларида электр энергияси таъминотида узилишлар учраб туради. Бу айниқса, иккинчи навбатда ўқиётган ўқувчиларга муаммо туғдиради.

Баъзи умумий ўрта таълим мактабларига ўрнатилган замонавий иситиш ускуналарининг электр энергияси билан ишлашини инобатга олсак, ўқувчиларнинг бир пайтда ҳам қоронғи, ҳам совуқ синфхонада ўтириб, дарс ўтишига тўғри келади.

Бу муаммоли масалаларни ким ҳал қилиши жоиз? Ўқитувчими, мактаб директорими?..

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони 3-бандига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш масаласида ҳар томонлама кўмаклашиши, хусусан, халқ таълими муассасаларини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, зарур санитария-гигиена шароитлари ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлашга масъул эканлиги қайд этилган.

Қолаверса, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот чоғида баъзи мактабларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида жиддий камчиликлар борлигини алоҳида тилга олиб, мактаб директорлари таълим муассасидаги муаммоларни ҳал этишга эмас, бевосита таълим самарадорлигини таъминлашга жавобгар эканлигини таъкидлаган эди. Ўз навбатида, ушбу масалага ижро ҳокимияти жиддий эътибор қаратиши лозимлигини талаб қилганди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, педагог ходимлар, умумий ўрта таълим мактаблари директорлари, халқ таълими соҳаси ходимларининг барчаси тизимдаги муаммоларнинг олдини олишга масъулият билан қараши лозим. Халқ таълими муассасаларини ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига ўз вақтида ва самарали тайёрлаш тадбирларини амалга ошириш, муассасаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳудуднинг ва кўчмас мулкнинг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш, тизимдаги мавжуд муаммоларни тез ва самарали ҳал қилиш бўйича ҳар бир соҳа масъуллари бир ёқадан бош чиқариб интилмас экан, муаммоларни ижобий ҳал этиш мушкул.

Айни пайтда мактабдек муқаддас даргоҳда халқ фарзанди, сиз ва бизнинг орзу умидимиз, юрт келажаги камолга етаётганини унутмаслик лозим.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.