Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўрай-Элипок аҳолисига давлат хизматлари кўрсатилди

Тойлоқ туманининг Ўрай-Элипок маҳалласида туман давлат хизматлари маркази ходимлари аҳолига сайёр тарзда давлат хизматлари кўрсатди.

Дастлаб марказ ходимлари Давлат хизматлари агентлиги ва унинг қуйи тизимлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган турли соҳаларга доир 100 дан ортиқ давлат хизматлари ҳақида маълумот, шунингдек, ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар хусусида маслаҳат ва тушунчалар берди.

– Қишлоғимиз туман марказидан анча олисда жойлашган, – дейди маҳалла оқсоқоли Мажид Исаев. – Шу боис ҳам давлат хизматлари билан боғлиқ масалаларда туманга боришга доим вақт тополмаймиз. Бугун давлат хизматлари маркази мутахассисларининг маҳалламизга келиши барчамизни қувонтирди. Аҳолининг ўзига зарур бўлган масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилишига гувоҳ бўлдик. Муҳими, мазкур сайёр тадбир орқали маҳалладошларимизнинг ҳам вақти, ҳам маблағи тежалди.

Шунингдек, сайёр тадбирда Ўрай-Элипок маҳалласига яқин Жалойир ва Чўбот маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳоли ҳам иштирок этди. Тадбир давомида 100 га яқин фуқарога ўндан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. 50 дан зиёд фуқароларнинг турли соҳаларга оид савол ва мурожаатларига жавоб ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.