Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ориф полвон “Пантера” ёрдамида Chevrolet Lacetti олди

Бугун – 17 март куни Жомбой туманида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳамкорлигида халқаро улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилди.

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирда юртимизнинг турли ҳудудларидан, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон давлатларидан чавандозлар, от спорти федерациялари масъуллари иштирок этди.

Мусобақада энг эпчил, чаққон чавандоз ва полвонлар 60 дан ортиқ туя, той, тана, 50 га яқин телевизор, музлаткич, кир ювиш машинаси, яна кўплаб гилам ва пул мукофотларини қўлга киритди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан қўйилган бош соврин – Chevrolet Lacetti автомобили жиззахлик полвон Ориф Шодиёровга насиб этди. У пайариқлик Элёр Бойматовнинг “Пантерра” лақабли қорабайир отида ушбу мукофотга сазовор бўлди.

Автомашина калитини чавандозга Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов топширди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон чавандозлари ўртасида мусобақа ўтказилиб, унда 3:2 ҳисобида юртимиз полвонлари ғолиб бўлди.